Жим! Биринчи секс
Jinsiy tarbiya
Yangilangan:
Секс – балоғатга етган инсон ҳаётининг ажралмас қисми. У худди нафас олиш, кўриш ёки овқат ҳазм қилиш каби табиий жараён. Аммо унга олдиндан тайёргарлик кўриш керак.
Матн муаллифи: Мадо Михманова
Биринчи жинсий алоқа
Илк бор ҳаммаси жуда тез содир бўлиши ва бу ҳолат ҳеч қандай лаззат бағишламаслиги мумкин. Бу табиий эканини тушуниш лозим. Секс – бу вақт ўтиши билан шаклланадиган кўникма. Табиийки, муваффақиятсизлик бўлади, аммо тажриба ортган сари камаяверади.
Дефлорация
Қизларнинг бокиралик пардасидан айрилиши (бокиралик пардасининг йиртилиши) дефлорация дейилади. *Бокиралик пардаси – бу ингичка эгилувчан мембрана. Қинга кириш қисмини қисман ёпиб туради. Биринчи жинсий алоқа қиз бола учун одатда оғриқли ҳиссиёт билан кечади. У баъзан билинмаслиги ёки бокиралик пардасининг йиртилиши ҳисобига ўртача кечиши мумкин. Бу сезгилар қисқа муддатли бўлиб, оғриқсизлантирувчи воситаларни талаб қилмайди. Озгина қон келиши ҳам табиийдир.
Агар қизлик пардаси ҳалқасимон ва чўзилувчан бўлса, йиртилмаслиги ҳам мумкин. Бокиралик пардаси баъзида фақат биринчи туғруқ вақтида тўлиқ йиртилишини гинекологлар яхши билади. Эркакларда биринчи мастурбация ёки поллюция вақтида маъсумликни йўқолиши рўй беради. Эркакларнинг биринчи жинсий алоқаси сексуал дебют дейилади. Бир марта бўлса ҳам мастурбация қилган эркак маъсум ҳисобланмайди.
Табиат нега йўл кўрсатмайди?
Барча ёшлар тўйгача ўзининг биринчи никоҳ кечаси ҳақида тасаввур қилиб кўради. Бу борада улар фильмлар, китоблар ёки танишларидан олган маълумотга суянади. Аммо кўпинча бу тасаввурлар нотўғри чиқади. Чунки ёшлар бу мавзудан қочади ёки «табиат йўл кўрсатади», «ҳаммаси ўз-ўзидан бўлиб кетади» деган умидда ушбу муҳим жараёнга руҳан тайёрланмайди. Ҳаммаси тасаввурдагидек чиқмаганидан кейин, табиийки, уларнинг ҳафсаласи пир бўлади.
Эркакларда қуйидаги тўсиқлар кузатилиши мумкин:
1. Ҳаяжон ва стресс оқибатидаги психологик эректил дисфункция.
2. Сексуал хавотир ёки жинсий муваффақиятсизликни хавотир билан кутиш синдроми.
3. Коитофобия, интимофобия каби жинсий алоқадан қўрқиш тулари. Ташқи томондан улар турли сабаблар ҳамда “қиз бошқача экан”, “муносабатимиз ўхшамади”, “шароит тўғри келмади”, “ўзимни ёмон ҳис қилдим” деган важ ва баҳоналар орқали намоён бўлади.
Қизларда:
1. Вагинизм – тос туби мушакларининг беихтиёр қисқариши оқибатида олатнинг қинга кириши қийинлашуви. Кўпинча уялиш, ота-онанинг тақиқлари, оғриқдан қўрқув, илгари жинсий зўравонликка учраш каби психологик сабаблар кузатилади.
2. Бокиралик пардасининг қалин мембранаси, яъни парда йиртилмай ва чўзилмай, аёлга оғриқ беради. Аммо бу камёб кузатиладиган ҳолат.
3. Лубрикациянинг камлиги, яъни табиий намланишнинг йўқлиги (аёл эҳтиросга тўлганда, махсус суюқлик ажралиб чиқади. У олатнинг қинга оғриқсиз кириши ва фрикция вақтида яхшироқ ҳаракатланишини таъминлайди).
Лубрикациянинг йўқлиги ҳар икки томонга ноқулайлик туғдиради. Бунга қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
- қиз қўрқув натижасида ўзини бўш қўя олмайди;
- эркак дастлабки мулоқотлар ва қизнинг руҳан тайёрлигига эътибор бермай, коитус (олатни қинга киритиш)га ошиқади.
Кўпчилик эркаклар жинсий алоқа – бу шунчаки олатнинг қинга кириши, деб хато ўйлайди. Аслида бу жараёнга дастлабки эркалаш, жинсий шерикка тегиниш, нигоҳлар, силаб сийпалаш каби интим ҳаракатлар киради. Улар эмоционал кайфиятнинг ўзгаришига олиб келади. Бу аёл организмида нафас олишнинг тезлашиши, тана ҳароратининг бироз ошиши, қиндан ажралманинг чиқиши орқали намоён бўлади. Демак, тана жинсий алоқа учун тайёр, ана ундан кейин коитусга киришиш мумкин.
Бу вазиятда эркакнинг қўллаб-қувватлаши ва дастлабки ўзаро тайёргарлик, хавфсиз интим муҳитни яратиш, эркак томонидан аёлнинг ҳиссиётларига эътиборли бўлиш ёрдам беради.
Биринчи секс – бу, албатта, аъло баҳога топшириш лозим бўлган имтиҳон эмас. Бу ерда ўзи ёки шеригига кучли талаблар қўйилиши ва катта умид боғланиши керак эмас. Чунки унда кўнгил қолиши ва уят ҳисси эҳтимоли юқори. Уялиш – бу чидаб бўлмас туйғу ва чекловлар учун қулай имконият бўлиб, жинсий алоқадан қочишга олиб келади ва эркакларда эректил дисфункция ҳамда аёлларда жинсий майлнинг сусайишига сабаб бўлади.
Хавотирдан қутулишнинг энг яхши йўли – шеригидан сир яширмаслик. Бу бир-бирини яхшироқ тушунишга ва муносабатларни янада яқинроқ ҳамда ишончли ўрнатишга ёрдам беради.
Никоҳгача бўлган муносабатлар
Жуфтликлар ўзларига жисмоний ва руҳий оғриқ етмаслиги, атайлаб ёки билмай тегиниб кетиш, ёки итариб юбормасликларига ишонч ҳосил қилиши керак. Интим муносабатларга оид сўзлар тез ранжитади ва хотирада узоқ вақт сақланиб қолади. Никоҳнинг биринчи кечасига қадар ишончли ва хавфсиз муносабатлар шаклланиши керак. Бу эса айнан мулоқот, муносабат ўрнатиш ва уни ривожлантириш орқали амалга ошади. Никоҳгача муносабатларнинг яна бир муҳим томони – жуфтликлар бир-бирини “шахсий ҳудуди”га киритишни ўрганади: тегиниш, қучоқлашиш, бўса олиш каби. Шу орқали бўлғуси келин-куёв бир-бирига мослигини англайди.
Янги келин-куёвга маслаҳатлар
- Жинсий яқинлик вақтида ҳомиладорлик рўй бериши мумкин. Агар контрацепцияга эҳтиёж бўлса, буни олдиндан ўйлаб, мос вариантини танлаб қўйиш лозим.
- Агар жуфтликлардан бири интим тажрибага эга бўлса, унга ишонч билдирган маъқул. Ҳеч кимда тажриба бўлмаса, ўзини эркин қўйиб, жинсий алоқани бўлганича ўтказиш керак.
- Қулай ва ёқимли муҳит яратиш зарур.
- Шошмаслик ва дастлабки эркалашларга хасис бўлмаслик лозим.
- Қизларнинг жароҳатланиш хавфини камайтириш учун эркак биринчи жинсий алоқада кескин ва қўпол ҳаракатлардан тийилиши шарт.
- Лубрикантлардан фойдаланиш мумкин.
- Лаззатланиш ва оргазмни мақсад қилмаслик лозим.
- Биринчи мартадан кейин бир неча кун давомида жинсий алоқадан тийилиш зарур.
Агар биринчи жинсий алоқа вақтида кучли оғриқ кузатилса, уринишни тўхтатиб, гинекологга мурожаат қилиш лозим. Шунингдек, муттасил қон кетишига ўхшаб кўп қон ажралса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Дефлорациядан кейин секс оғриқ бермаслиги лозим. Оғриқ – бу нохуш ҳолат. Ушбу вазиятда гинекологга бориш ва текширувдан ўтиш тавсия этилади.
Никоҳгача нима қилиш керак?
Никоҳланишдан олдин келин-куёв бир-бирининг соғлиғи ҳақида билиб олиши зарур. Ёшлар тиббий кўрикдан ўтиши шарт. ОИВ ва бошқа инфекцияларга таҳлил топшириш, тор мутахассислар, шу жумладан, гинеколог, уролог, психиатр кўригидан ўтиши лозим. Зарур бўлса, шифокорлар УТТ ёки бошқа қўшимча текширувларни тавсия қилиши мумкин. Саломатлик ҳолатидан ташқари, бугунги кунда бўлғуси турмуш ўртоғининг ота-онаси яқин қариндош эмаслигини, насл сурадиган касалликлари бор-йўқлигини аниқлаш зарур.
Нима учун буни билиш муҳим? Дейлик, куёв хонадонида қандли диабетга чалинганлар бўлса, келинда ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилса, ёш оиланинг бўлғуси фарзандларида ҳам ушбу хасталикка чалиниш хавфи юқори бўлади. Бўлғуси келин-куёв бир-бирининг соғлиғидаги муаммолар ҳақида билиши ва онгли равишда жуфтини танлашга ҳақли. Шу тариқа ёшлар бир-бирини ортиқча таъна ва маломатлардан халос этади.
Никоҳнинг биринчи кечаси ҳар хил ўтиши мумкин
Нима қилишни фақат сиз ва шеригингиз ҳал қилади. Бу куни орангизда жинсий алоқа рўй бериши шарт эмас. Бунга тайёр бўлмасангиз, демак, сизга кўпроқ вақт керак ва бу табиий ҳол.
Ўзбекона урф-одатларга кўра, никоҳнинг биринчи кечаси

Севара Иргашева,
гинеколог-эндокринолог, тиббиёт фанлари доктори, Акушерлик ва гинекология маркази бўлими бошлиғи
Ўзбекона удумларга кўра, никоҳнинг биринчи кечаси келин-куёв учун ҳақиқий имтиҳон бўлади. Жараён сўнгида чойшабда келиннинг бокиралик қонини кўрсатиш талаб қилинади. Куёв эса жинсий алоқа тугаши билан тўшакни тарк этади. Бу каби урф-одатларга амал қилиш кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Илк марта бирга бўлиш – бу ўта шахсий ва интим ҳодиса. Бироқ янги келин-куёв бир-бирига эътибор қаратиш ўрнига қариндош ва дўстларининг уларга бўладиган муносабати ҳақида ўйлаши керак.
Бу каби вазият асабийлашиш, шошмашошарлик ва жинсий алоқа вақтида нотўғри ҳаракатланишга сабаб бўлади. Натижада келин руҳий ва жисмоний жароҳатланиши эҳтимоли юқори. Бу ёшларнинг жинсий муносабатларига путур етказиши мумкин. Аёлларда турли кўринишдаги асабийлашиш ҳолати, вагинизм, фригидлик ривожланади ва, албатта, умумий муносабатларга таъсир қилади.
Ўзбекона бошқа одат бўйича никоҳ кечаси «янгалар» қўшни хонада пойлоқчилик қилади, яъни уларнинг вазифаси – келиннинг бокиралигини исботлаш. Бу каби урф-одатлар ўтмишга бориб тақалади. Илгари янгаларнинг вазифаси нафақат тўшакни текшириш, балки келинни никоҳнинг биринчи кечасига тайёрлаш ва уни жароҳатланишдан асраш бўлган. Ҳозирги пайтда бундай ёрдам, мулойим айтганда, ғалати туюлади. Замонавий қиз гигиеник муолажаларни бемалол мустақил уддалай олади. «Янга»нинг маслаҳати ва шахсий тажрибаси эса келин учун фойдали бўлиши даргумон. Шу сабабли бугун ёш жуфтликлар никоҳнинг биринчи кечасида янгаларнинг иштирокидан воз кечяпти. Нима бўлганда ҳам, бу – уларнинг шахсий танлови.
Биринчи алоқа ҳақида, аввало, эркак қайғуриши керак. Мулойимлик ва сезгирлик билан муносабатда бўлиш, ўзаро ишончли муҳитни яратиш, дастлабки эркалашлар, ўзини назорат қилиш – буларнинг бари муваффақиятли сексуал дебютнинг асосида ётади. Айнан шунинг учун ҳам жинсий яқинлик биринчи кечада бўлиши шарт эмас. Қўполлик ёки зўравонлик билан жинсий алоқа қилиш қин деворларининг йиртилиши ва чот орасининг жароҳатланишига олиб келиши мумкин. Бу, шунингдек, вагинизм ёки бокиралик пардасининг қалинлиги туфайли қаршиликларга қарамай, эркак жинсий алоқага киришса ҳам содир бўлиши мумкин.
Қин мушакли эгилувчан қувурча шаклида бўлиб, табиат уни атайлаб чўзилвчан қилиб яратган. Ахир ушбу канал орқали бола дунёга келади. Аммо намланишнинг етарли бўлмаслиги, келиннинг уялиши, куёвнинг қўполлиги ёки шошқалоқлиги биринчи жинсий алоқа вақтида жароҳатланишга сабаб бўлиши мумкин.
Маслаҳат сўраб кимга мурожаат қилиш керак?
Бунга бир хил жавоб йўқ. Никоҳдан олдин ёшлар билан кўпинча ёши каттароқ қариндошлар суҳбатлашади. Бу одам тўғри тушунчага эга бўлса – нур устига нур, аммо ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди-да.
Бугун ёш қизлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан гинекологга кўпроқ мурожаат қиляпти. Бу – тўғри қарор.
Ko‘rishlar: 166
https://anatomica.uz/uz/articl...







