Аёл қадри: Раъно Шодиева

Odamlar

Yangilangan:

Анжелина Жоли – БМТнинг эзгу ният элчиси, Шарльз Терон – «Africa Outreach Project» хайрия жамғармаси раҳбари, Чулпан Хаматова – «Подари жизнь» фонди ҳаммуассиси. Опра Уинфри, Сандра Баллок... Уларнинг барчасини дунёни яхши томонга ўзгартиришдек эзгу мақсад бирлаштиради. Ўзбекистонда ҳам жамиятни яхшиликка ундовчи шундай таниқли инсонлар бор. Бугунги қаҳрамонимиз – актриса Раъно Шодиева киноэкран ортидаги фаолияти ҳақида сўзлаб бериш асносида зиммасидаги инсонийлик масъулияти тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

 

 

Раъно Шодиева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги «Mehrli qo‘llar» имконияти чекланган ёшлар ва болалар республика маркази директори

 

«Mehrli qo‘llar» имконияти чекланган ёшлар ва болалар республика маркази 2017 йили 1 август куни мамлакатимиз раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан ташкил этилган. Марказнинг Хоразм, Бухоро ва Наманган вилоятларида филиаллари мавжуд. Шунингдек, республикамизнинг барча ҳудудида марказ координаторлари фаолият юритади.

Марказ:

– 50 дан ортиқ ногиронлик кўринишига эга болалар билан ишлайди;

– имконияти чекланган, бироқ ишга лаёқатли болалар манфаатларини ҳимоя қилади, уларнинг ижод, спорт, интеллектуал ривожланиш соҳаларида ўзини намоён қилишга интилишини қўллаб-қувватлайди, ҳар томонлама кўмак беради;

– ишга лаёқатсиз, васийликдаги болаларга йўналиш кўрсатиб, хайрия дастурлари, реабилитация жараёнлари орқали уларга ёрдам беради.

Марказда сенсор хонаси, мактабгача ёшдаги болалар учун тайёрлов гуруҳлари, компьютер тўгараклари, кўзи ожизлар ва сурдотаржимонлар учун инглиз тили курслари ташкил этилган. Актриса Раъно Шодиева марказни бошқариш учун бежиз таклиф этилмаган. Чунки у 20 йил давомида «Қўллар орқали сўзлашадиганлар» номли фонд билан ҳамкорлик қилиб, кар, кўзи ожиз ва кар-соқов болалар билан ишлаш бўйича ўзига хос тажриба тўплаган. Сўнгги икки йилда марказга 2,4 млрд сўм маблағ жалб этилиб, ҳаммаси хайрия мақсадида сарфланган.

 

 

"Марказ. Марказимизга кириш бепул, бизни Ёшлар иттифоқининг исталган бўлими ёки ижтимоий тармоқлардан топиш мумкин.

Афсуски, ҳамма ҳам менга қулоқ солишни истамайди. Чунки улар оилам ҳақида билмайди. Уларнинг фикрича, соғломманми, демак, ҳеч нарсани тушунмайман. Шунинг учун ҳам марказимиз ходимларининг аксариятини ҳаётда муайян муваффақиятга эришган имконияти чекланган инсонлар ташкил қилади. Улар мотивация берувчи сифатида мамлакатимиз бўйлаб, маҳорат дарсларини ташкил қилишади. Уларнинг ўзига хос шиори бор: «Мен ҳам сенга ўхшайман. Мен уддаладимми, демак, сенинг ҳам қўлингдан келади».

Олдимизга турли тоифадаги имконияти чекланган болалар келади. Кўпининг истиқболи бор. Улар тенгдошлари қатори мактабда билим олишни истайди, аммо бунинг учун кўпроқ ҳаракат қилишлари керак. Биз уларни бу ишни уддалай олишларига ишонтириб, ўз қобиғидан чиқаришга ҳаракат қиламиз.

Мана шу болаларнинг орзуларини амалга оширишни жуда-жуда истайман. Уларнинг барча орзу-истаклари рўёбини кўрсам эди...".

 

 

Афсуски, ҳамма ҳам менга қулоқ солишни истамайди. Чунки улар оилам ҳақида билишмайди. Уларнинг фикрича, соғломманми, демак, ҳеч нарсани тушунмайман.

 

 

"Фарғона водийсида шундай ота-оналарни кўрганмиз: улар касал болаларини ҳеч кимга, ҳатто қўшниларига ҳам умуман кўрсатишмайди. Улардан уялишади. Бу ота-оналарни айблаб бўлмайди. Биз-ку, уларнинг олдига борамиз, хатоларини кўрсатиб берамиз, лекин улар шу жамиятда яшашда давом этишлари керак. Агар биринчи фарзанднинг соғлиғида муаммо бўлса, иккинчисини дунёга келтиришдан олдин бунинг сабаб ва оқибатларини аниқлаш керак.

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ – ногирон бола дунёга келишининг сабабларидан бири. Афсуски, юртимизда бундай никоҳ анъана сифатида кенг тарқалган туманлар бор. Тўйдан олдин бўлғуси келин-куёвнинг барча текширувлардан ўтказилишини тўғри, деб ҳисоблайман. Агар патологиялар аниқланса, уларни даволаш керак. Ҳомиладорлик давридаги зарурий режим туғуруқдан кейин ҳам муҳим. Ахир, аёл саломатлигини тиклаб олиши керак.

Шундай оилалар борки, уларда эр-хотин генетик жиҳатдан бир-бирига мос эмас ва бундай никоҳдан соғлом боланинг дунёга келиш эҳтимоли нолга тенг. Бундай вазиятларда аёллар ташаббус кўрсатиб, турмуш ўртоғи билан ажрашади. Чунки эркак ўз наслини давом эттириши керак. Бечора аёл-чи, у нима қилсин? Аёли билан елкама-елка туриб, фарзандини тарбиялаётган эркакларга ҳайкал қўйса арзийди. Бизда бундай оилалар кўп. Лекин эркаклар ҳар доим ҳам охиригача бардошли бўла олмайди. Бу албатта жуда ачинарли.

Бировни айблаб бўлмайди. Ҳаёт давом этади ва уни муносиб яшаб ўтиш даркор. Лекин олтин ўрталиқни қаердан топиш мумкин? Бу саволга жавобим йўқ. Болалар тўлиқ оилада яшашлари керак. Фарзанд ўз қаршисида кучли ҳамда доимо тиргак бўла оладиган инсонни кўриши лозим. Айрим ота-оналар олдимизга ёмон кайфиятда келишади. Чунки бизгача улар учун баъзи эшиклар ёпиқ бўлган. Ташкилотимиз имкониятларидан келиб чиқиб, қўлдан келганча ёрдам берамиз. Бизнинг ҳеч кимнинг олдида мажбуриятимиз йўқ".

 

 

...Шундай ота-оналарни кўрганмиз: улар касал болаларини ҳеч кимга, ҳатто қўшниларига ҳам умуман кўрсатишмайди. Улардан уялишади. Бу ота-оналарни айблаб бўлмайди.

 

 

 

"Ортиқча ғамхўрлик. Марказимизда оналар учун психолог хонаси бор. Бу ерда уларни тинглашади. Чунки ҳамма ҳам ногирон фарзандни дарров эплай олмайди. Вақтини ва кучини тўғри сарфлаётган оналарни кам учратасиз. Болани балоғат ёшига тўғри йўналтириш, вақтида уларни мустақил ҳаётга қўйиб юборишни билиш зарур. Ортиқча ғамхўрлик уларни ривожланишдан тўсади.

Оналар боласининг ҳаёти учун кучининг борича курашади, аммо тиббиёт ожиз қоладиган вазиятлар ҳам бор. Буни вақтида тушуниб, болани малакали парваришлаш даркор".

 

 

Қанчалик бешафқатлик бўлмасин, болалигимда отамга ҳамманинг олдида мен билан ишоралар орқали гаплашишга рухсат бермасдим.

 

 

"Ногирон ота-оналар. Яширмайман: ота-онамнинг эшитиш қобилиятида муаммо бор. Ҳеч қайси инсон бундан суғурталанмаган. Биз ногирон болалар ва катталар ҳақида кўп гапирамиз, лекин ота-онаси ногирон бўлган болаларни ҳеч тилга олмаймиз. Бу – ноҳақлик. Зеро, уларга ҳам алоҳида эътибор зарур. Уларнинг кўпи тўлақонли беғубор болаликдан маҳрум. Бундай ҳолатларда жамият шафқатсиз, айниқса, болаларнинг бир-бирига муносабати жуда муаммоли бўлади.

Отам карлар жамияти аъзоси, онам эса ушбу жамият раиси бўлган. Волидам мутлақо соғлом туғилган, лекин қизамиққа чалингач, касаллик қулоқда асорат қолдирган ва онам эшитиш қобилиятини йўқотган. Шунга қарамай, у яхши гапира олади. Онажоним мутлақо эшита олмайдиган инсонга кўнгил қўйган.

Қанчалик бешафқатлик бўлмасин, болалигимда отамга ҳамманинг олдида мен билан ишоралар орқали гаплашишга рухсат бермасдим: «Қандай қилиб бўлса ҳам гапиринг – ғўлдирайсизми, товушларни аниқ талаффуз қилмасангиз ҳам майли, акс ҳолда, сукут сақланг, ишоралар керак эмас!»

Мен уялардим. Бечора ота-онам ўз саъй-ҳаракатлари билан дунёдаги энг яхши ота-она эканликларини исботлашга ҳаракат қилишарди. Аслида чиндан ҳам шундай эди".

 

 

"Менинг бахтим. Оиладаги уйғунликнинг асоси доноликдир. Аёлларнинг донолиги, мантиғи эркакларнинг кучли елкаларига суяниши керак. Барча ташвишни биргина инсонга юклаб бўлмайди. Марказ – бу менинг ишим. Актёрлик ижодим эса мен нафас оладиган ҳаво кабидир. Аслида бахтнинг ҳеч қандай рецептларию универсал алгоритмлари йўқ. Биладиганим – инсон ўзини яхши кўриши керак. Шундагина бошқа барча муаммоларни кераклича ҳал қилиш мумкин.

Ҳаётда менга ҳамроҳлик қилган барча инсонлардан миннатдорман. Менга яхшилик тилаган-у, оёғимдан чалганларга ҳам раҳмат. Бахтли бўлсам, фарзандларимнинг ҳам кўзлари порлайди. Ва аксинча...

Атрофдагиларга фойданг тегиши жуда муҳим. Болаларга ёрдам бера олаётганимдан хурсандман. Энг муҳими ҳам шу. Аёлмисан ёки эркак – бунинг аҳамияти йўқ".

Ko‘rishlar: 13

https://anatomica.uz/uz/articl...

Instagram sahifamizni kuzatib boring

@anatomica_uz