Ўзбекистоннинг биринчи онкогинекологи ва унинг қизи – онкомаммолог
Odamlar
Yangilangan:
Онкологиядан ҳам оғир. Бу мақолада, Ўзбекистоннинг биринчи онкогинекологи Юлдуз Таджибаева, ва унинг қизи Нигора Махмудова – онкомаммолог: касби ва аёллар ҳаётида онкология ҳақида этиб беришди.

Юлдуз Таджибаева, врачлар малакасини ошириш институтининг онкология кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори. 1977 йилда «Вульва саратонига учраган беморларга индивидуал прогноз қўйиш» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2007 йилгача ЎзР Онкология ва радиология ИТИ онкогинекология бўлимида илмий раҳбар бўлиб ишлаган:
Тасодифлар тасодифий эмас
Тўртинчи синфда кўзларим оғриб қолганида отам мени шифокорга олиб борган. Бу шифокорлар оиласи эди. Менга бўлган муносабати ёққанидан даволаниб бўлгач, шифокор бўлишга қатъий қарор қилганман. Қўқонда яшардик, ўнинчи синфдан кейин Тошкентга – тиббиёт олийгоҳига ҳужжат топширгани онам билан келганмиз. Институтни тугатганимдан кейин мени Қўқонга, болалар поликлиникасида ишлаш учун жўнатишди. Лекин тақдир тақозоси билан турмушга чиқиб, яна Тошкентга қайтиб келдим.
Қизим Нигора 4 ойлик бўлганида мени ташкил топганига атиги уч йил бўлган онкология марказига тавсия қилишди. Биронта онколог йўқ эди. Директор Жўра Абдурасулов икки йилдан кейин онкологликка ўқиш шарти билан мени ишга олди. Марказнинг гинекология бўлимига ординатор бўлиб қабул қилиндим. Фаолиятим бошланди. Икки йил ўтиб, клиник ординатурага кирдим. Бу вақтда турмуш ўртоғим билан ажрашганим боис Ленинградга бемалол ўқишга кетишим мумкин эди. Қизимни онамга қолдирдим. Бу соҳага тасодифан келиб қолган бўлсам-да, онкогинекология бўйича Ўрта Осиёда биринчи мутахассисга айландим.
Ортга қайтиш қийинчиликлари
Қайтиб келганимда, директоримиз қарши олди ва сўроққа тута бошлади: «Нима қилишни биласиз?». «Ҳеч нарсани билмайман», – дея жавоб бердим. «Қорин кесишга рухсат беришдими?». «Йўқ». «Унда нимага қайтиб келдингиз? Клиник ординатурадан кейин бўлимни бошқаришингиз керак эди, сиз эса оддий нарсаларни ҳам билмайсиз». Гарчи марказда мендан бошқа мутахассис бўлмаса-да, ўша суҳбатдан кейин узоқ вақт мени операцияга яқин йўлатишмади. Илк операциям – бачадонни олиб ташлаш амалиётини ўтказаётган вақтимда бу жараённи биринчи маротаба кўраётган жарроҳлар ёнимда турди. Операция муваффақиятли ўтди. Аммо эртаси куни реанимациядаги аёл ҳали ҳам ўзига келмагани ҳақида хабар беришди. Мени сийдик йўлини кесганликда айблашди. Ҳақиқатан ҳам бу каби операцияларда кўпинча сийдик йўллари шикастланади. Қаттиқ асабийлашдим. Нима дейишни билмасдим. Кейин анестезиологнинг флаконни адаштириб, бошқа гуруҳдаги қонни қуйгани маълум бўлди. Бемор айнан шунинг учун ўзига келмаётган экан.
Танганинг икки томони
Беморларнинг ўлимидан оғири йўқ. Бу ҳақда унинг яқинларига қандай айтишни билмайсан. Узоқ қийналасан. Жараённи эслаб, балки яна нимадир қилишим мумкин эди, дея ўзингни айблайсан. Энг қўрқинчлиси – операция пайтида қон кетиб қолса-ю, уни тўхтата олмасанг. Бундай дамда бутунлай иложсизлигингни ҳис этасан. Лекин соғайган беморларингни учратиб қолиш жуда ёқимли. Қаерга бормай, бир вақтлар операция қилган одамларим дуч келади. Улар миннатдорлик билдириб, чин дилдан хурсанд бўлади. Мен операция қилиш, инсонларни даволаш, уларнинг соғайишини кузатишни яхши кўраман, бу қувончни оддий сўз билан ифодалаш қийин. Ёшим 75 да бўлса-да, ҳалигача ишлайман. Чунки касбимни севаман.
Қизим
Нигора аввалига ишимни давом эттиришни хоҳламади, қўрқди. Ахир онкология оддий соҳа эмас. Мана Нигора менинг изимни босди. Қизим қандай дейсизми? У инсонларга ёрдам беради, ҳаётда энг муҳими ҳам шу.

Нигора Махмудова, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг онкомаммология бўлими мудираси, Ўзбекистон онкологлари уюшмаси аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди:
Танлов
Тиббиёт ходимлари орасида улғайдим. Шунинг учун онамнинг изидан борганимга ажабланмаса ҳам бўлади, аммо бошида хоҳишим кучли бўлмаган. Ординатурада жуда оғир бўлган, лекин онам, унинг оқ фотиҳаси туфайли менда рағбат пайдо бўлди. У нафақат шунчаки раҳбар сифатида, балки она сифатида доимо ўз устимда ишлашимни талаб қиларди.
Кузатувлар
Онкология билан ҳамиша ҳаётдаги ўзгаришлар бошланади: баъзи беморлар ташхис туфайли турмушидан ажралади, бошқаларини эса яқинлари қўллаб-қувватлайди. Айниқса, фарзандлар бу қийин даврда онасига меҳрибон бўлади! Бундай оилаларга қойил қоламан. Ажабланарлиси, инсон феъл-атвори унинг соғайишига таъсир қилади. Инжиқ, нозик табиатли беморларнинг яраси секин битади, уларни операция қилаётганингда бу босимни сезасан. Баъзи беморлар самимий, очиқкўнгил бўлиб, уларда ҳаммаси силлиқ ва яхши ўтади. Баридан ҳам ўз вақтида мурожаат қилган беморларни яхши кўраман. Ҳар куни тиббий саводсизликка дуч келамиз. Баъзида ҳатто шифокорлар бизга мурожаат қилади, наҳотки шифокор ўзига шундай муносабатда бўлса, дея ҳайрон қоласан. Касбимни яхши кўраман, руҳан оғир бўлса ҳам. Асосан қайнонасидан қўрқиб даволанмаган ёш келинларни кўриш оғриқли. Улар кесиш мумкин эмас, гап-сўз тарқалади, дейишади. Онкологларнинг иши бамисоли ҳушёрхона, ундан кейин ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасининг қадрига етасан.
Асосий устозим
Онангиз – афсонавий инсон, дейишади. У менга қатъиятли, принципиал бўлишни, ўз фикримни ҳимоя қилишни ўргатди. У ҳам дугонам, ҳам устозим, ҳам онам.
Умумий фикр
Ота-оналар фарзандларига энг оддий нарсаларни тушунтирмайди. Бола анъанавий қарашдаги оилада тарбия топадими ёки замонавийми, бунинг фарқи йўқ, аммо репродуктив саломатлик ҳақида болаликдан гапириб бориш керак. Аксарият беморлар жуда кеч келади. Йигирма биринчи аср бўлса-да, одамлар ҳамон саводсиз. Бачадон бўйни – кўринмайдиган жой. Шу сабабдан аёллар гинеколог олдига боравермайди. Кўпчилик ҳатто суртма олмасдан, саратонолди белгиларни эрозия каби даволайдиган билимсиз шифокорлар қўлига тушиб қолади. Касалликнинг биринчи босқичида камдан-кам мурожаат қилишади, асосан учинчи, тўртинчи босқичда келишади. Келишга қўрқишади.
«Онкология» деган номнинг ўзиёқ ваҳима уйғотади. Нимадир безовта қилса ҳам, текширтиришмайди. Ўтиб кетади, дейишади. Ёрдам бериб бўлмайдиган даражага етганда, югуришади. Ахир биз Худо эмас, шифокорлармиз. Биз доимо жойларга чиқамиз, суҳбатлар олиб борамиз, онкология ҳукм эмаслиги ва даволаниш зарурлигини инсонларга етказишга ҳаракат қиламиз. Лекин қўрқув ҳамон бор. Онкология ҳозирги авлод соғлиғининг ёмонлашуви сабабидан эмас, балки аҳолининг ўсиб бориши ҳисобига яшаряпти. Касаллик кўпаймаяпти, у ҳақда шунчаки гапиришни бошлашди, илгари эса у ҳаттоки аниқланмаган ҳам. Бугун аёл соғлом бўлиши учун барча шароитлар яратилган. Фақат бундан ҳеч ким фойдаланмаяпти. Ўқимайди, қизиқмайди, диагностикадан ўтмайди. Одамлар ҳалигача табиблар ва гиёҳлар билан даволайдиганлар олдига боради. Шу пайтгача улардан ҳеч ким даво топган эмас. Барибир кейин олдимизга қайтиб келишади. Лекин унда кеч бўлади.
Ахир аёлнинг репродуктив саломатлиги учун кўп нарса керак эмас: гигиенага риоя қилиш, профилактика, ўз вақтида даволаниш ва эмланиш. Ўз соғлиғининг қадрига етиш ва уни биринчи ўринга қўйиш керак. Айниқса, аёл киши. Вақтида келинса, доим ёрдам бериш мумкин. Агар белгилари пайдо бўлса, демак, энди кеч. Чунки онкология кўпинча белгиларсиз кечади. Мана шунинг учун профилактика зарур. Йилда бир марта. Масалан, Японияда эндоскопиядан ўтмасангиз, ишга олишмайди. Шу сабабдан уларда ошқозон саратони деярли йўқ. Қачонки одамлар профилактиканинг оддий қоидаларига риоя қилишни бошласа, мунтазам кўрикдан ўтиш қоидага айланса, шундагина онкология камаяди.
Ko‘rishlar: 103
https://anatomica.uz/uz/articl...









