4 avlod, uchta oila va bitta sevgi - tibbiyotga
Odamlar
Yangilangan:
Тортта авлод, уч оила ва тиббиётга бўлган якдил муҳаббат. Хўжаевлар, Ҳожимуҳамедовлар ва Умаровлар сулоласи ҳаёт қонуниятлари, оилавий қадриятлар ва касб танлови ҳақида сўзлаб беради.

Хўжаевлар сулоласи
Сулола асосчиси – Шабат Хўжаев, профессор, тиббиёт фанлари доктори, инфекционист, юртимиз илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган инсон. Бугун унинг касбини қизи – шифокор иммунолог-инфекционист, тиббиёт фанлари номзоди Азиза Хўжаева ҳамда невараси – инфекционист-гепатолог Элбек Назаров давом эттиряпти.
- Сулолангизда неча киши шифокорликни танлаган?
Азиза Хўжаева: "Ҳозирча уч кишимиз – отам, мен ва ўғлим. Келгуси авлод ишимизни давом эттиришига умид қиламиз. Сулоламизнинг асосчиси отам – Шабат Хўжаев бу соҳага ўн тўрт ёшида келган. Тиббиёт оғаси сифатида иш бошлаб, вабо тарқалган ҳудуд – Қорақалпоғистонга ишга кетган. Ёш, бақувват, ишлашга иштиёқи баланд ходимлар талаб қилинган бир пайтда отам муносиб номзод бўлган. Падари бузрукворимиз муборак 97 ёшни қаршилади, умрининг 83 ёшини тиббиётга бағишлади".
- Отангиз тиббиётга қандай келиб қолган?
Азиза Хўжаева: "12 ёшида қизилчанинг оғир турига чалинган. Юқумли касалликлар отамнинг отаси, тоғаси ва бошқа яқинларини ҳаётдан олиб кетган. Шундан кейин у шифокор-инфекционист бўлишга аҳд қилган. Қизилчага чалинган вақтида парвариш қилиб, даволаган фельдшер эса уни руҳлантирган".
- Сизнинг тиббиётга келишингиз қандай бўлган?
Азиза Хўжаева: "Отам 40 ёшга кирганда, мен туғилганман. Ўша пайтда у профессор эди. Уйимиздагилар тиббиёт билан яшарди. Онам шарқшунос, иқтисодчи, халқаро алоқалар бўйича мутахассис бўлишига қарамай, отамнинг касбига бутун вужуди билан шўнғиган ва биз оиламиз билан унинг ишида ҳаёт кечирардик. 7 ёшда инфекционист бўлишим аниқ эди. Ота-онам меҳмонга кетиб, уйда бир ўзим қолганимда, энциклопедияни қўлимга олардим. Бошқа болалар эртак ўқиб ўтирганда, мен тиббий адабиётларни мутолаа қилганман".
Элбек Назаров: "Бобом билан онамга ҳавас қилиб, уларга ўхшагим келарди. Узун бармоқларимни кўриб, ҳамма менга: «Сен яхши жарроҳ бўласан», дерди, аммо мен инфекционистликни танладим. Барибир қон тортди".
- Отангиз кимга ҳавас қиларди? Сиз-чи, сиз учун ким намуна бўла олади?
Азиза Хўжаева: "Отам профессорлар, фан докторлари – Георгий Руднев ва Лев Зильбер, Хуан Планьелес каби олимларга ҳавас қилган. Бу инсонлар ўз қатъий ҳаётий позицияси эга, бировларнинг инжиқлигига қулоқ солмайдиган мустақил шахслар бўлган. Мен учун отам намуна бўлиб келган. Отам тиббиётда истаганча фантазия қилишинг мумкин, лекин, албатта, аниқ маълумотга таянишинг керак, деб уқтирарди. Ҳозир биз шифокорларни синдирмоқчи бўлаётган ғалати даврда яшаяпмиз, аммо ушбу ҳаётий позициянинг ўзи бардош билан муваффақият қозонишимга имкон беряпти".

- Оилангиз касбий танловингизга таъсир ўтказган. Сиз учун унинг бугунги аҳамияти қандай?
Азиза Хўжаева: "Энг муҳими – оила. Биз бор кучимиз билан ушбу дунёмизни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Элбек расм чизади, унинг бир суратида хурмо дарахти тасвирланган. Япон одатларига кўра, хурмо аждодлар ва авлодлар ўртасидаги мулоқот портали экан. Аждодлар мероси – мана шу оила бўлса керак".
- Оилангизда роллар қандай тақсимланади?
Элбек Назаров: "Жинсидан қатъи назар, ким ҳақ бўлса, шунга қулоқ тутамиз. Рафиқамга доим шундай дейман: сен менинг ёнимдасан, орқада ҳам эмас, олдинда ҳам эмас, сен менинг давомимсан, мен эса сеникиман".
- Оила мустаҳкам бўлиши учун нима қилиш керак?
Азиза Хўжаева: "Ота-онам турмуш қурганига 58 йил бўлди. Умр йўлдошим билан турмушимиз 34 йилдан буён давом этяпти. Элбек уйланганига уч йил тўлди. Никоҳни ҳамжиҳатлик мустаҳкамлайди, деб ўйлайман. Ҳамманинг ўз фикри бор, деган қоидани эсдан чиқармаслик лозим. Овозни баландлатиш, идиш синдириш шарт эмас, гаплашиш керак".
- Оилада болалар тарбияси учун ким масъул?
Азиза Хўжаева: "Ота-онанинг ҳар иккиси ҳам. Аммо мен ўзим маълум вақт онамнинг тарбиясида бўлдим. Чунки отам ойлаб ишда қолиб кетарди. Отамни улғайганимдан кейин тушундим, лекин барибир «отамнинг қизи» бўлолмадим. Отамни жуда ҳурмат қиламан, энг аввало, устоз, қолаверса, йўл кўрсатувчи инсон сифатида".
Элбек Назаров: "Менимча, кўпроқ она тарбия берса керак, аммо ота асос бўлиши керак. Эркак – оиланинг мустаҳкам таянчи".
- Аёлнинг ўрни қандай?
Азиза Хўжаева: "Қиз бола бўлиб туғилсанг, сенга кўп нарсани ўргатишади. Чунки билимли ва уддабурон бўлишинг керак. Оила, фарзандлар тарбияси – унинг елкасида. Боласига ирсиятидаги борини беради, уни таомлантиради ва қадриятларни сингдиради. Шунинг учун аёл ўта саводли бўлиши шарт, деган фикрдаман. Баъзи оилаларда қиз болани ўрта мактаб таълимидан нарига ўтказишмайди. Шу етарли эмиш. Бу ҳолат мени таажжублантиради. Жинсидан қатъи назар, келгуси авлодимиз соғлом фикрлаши учун ҳам аёл таълим олиши шарт.
Катта бувим Тўрахон ая Шарқда аёллар озодлиги учун курашган. У паранжисини ечган илк аёллардан бўлган. Қолаверса, замонавий Шарқ аёлига таълим берган фаоллардан бири эди. Узоқ йиллар Шарқшунослик институтида ишлаган. Шарқ аёлининг озодлиги ва қадри ҳақида китоблар ёзган. Озодликни севиш менга онамдан мерос.
Тафаккури кенг аёлларгина мустақил фикри, ижодкорлиги, ўқиб ўрганиши ва таълим бериши орқали мамлакатимизнинг буюк келажагига ўз ҳиссасини қўшади".
- Ҳаётий кўрсатма ёки рецепт сифатида, айтинг-чи, оилангизда қандай қадриятлар авлоддан авлодга ўтиб келяпти?
Азиза Хўжаева: "Отам доимо бир гапни айтарди: «Инсон ўз ҳаётий позициясига эга бўлиши керак». Мен ҳам ўғлимга ушбу гапни уқтираман. Шу тариқа ўз шахсиятигингни сақлаб қоласан. Оиламизда жадидлик анъанаси авлоддан авлодга ўтиб келади. Жадидлар ўз қарашларини ҳимоя қилган. Отамнинг ажодлари интеллектуал мулк тушунчасини яратган. Улар мактаб очган, одамларга таълим берган. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқий маърифатпарвар жадидлар бўлган. Биз ана шу ички ўзакни мерос қилиб олганмиз, деб ўйлайман".

Ҳожимуҳамедовлар ва Умаровлар оиласи
Бекзод Ҳожимуҳамедов, кўз жарроҳи:
"Сулоламиздаги 50 дан ортиқ инсон ҳаётини тиббиёт билан боғлаган. Улар орасида нафақага чиққанлар бор ва навбатдаги шифокорлар авлоди улғайиб келяпти. Сулоламиз асосчилари – боболаримиз ва бувиларимиз Ҳамидулла Ҳожимуҳамедов ва Саноат Даминова ҳамда Аббос Умаров ва Турсунхон Умаровадир. Мен ва акам – учинчи авлод шифокорларимиз. Рафиқам Шаҳина педиатрликка ўқияпти, у ҳам шифокорлар оиласидан. Синглим Зиёда эса тиббиёт академиясига кириш тараддудида".
Саноат Даминова, болалар инфекционисти, олий тоифали шифокор, соғлиқни сақлаш аълочиси:
"Турмуш ўртоғим Ҳамидулла Ҳожимуҳамедов 60 йил офтальмолог бўлиб ишлаган. Фан номзоди, хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, «Шуҳрат» медали соҳиби. У Иккинчи жаҳон уруши вақтида меҳнат фронти фахрийси бўлган. Урушнинг даҳшатларини кўриб, ҳаётини тиббиёт билан боғлашга аҳд қилган. Ўқиш даврида офтальмология бўлимида тиббиёт оғаси бўлиб ишлаган. Шу тариқа меҳнат фаолияти бошланган.
Отам молиячи эди, тиббиёт ходимларини ҳурмат қиларди. Шунинг учун тўртала фарзандини ҳам тиббиёт соҳаси бўйича ўқитган. Мен шифокорга тегдим. Учинчи авлод ҳисобланган невараларим оилавий касбимизга содиқ бўлиб келмоқда".
Аббос Умаров, стоматолог, олий тоифали шифокор:
"Стоматолог бўлишимни сезардим. Ота-онам тиш муаммосидан кўп қийналар, уларга ёрдам беришни истардим. 51 йиллик иш тажрибасига эгаман. Бугунги кунгача республикадаги энг йирик 4-стоматология поликлиникасини бошқариб келяпман. Рафиқам билан турмуш қурганимизга 50 йил бўлди. 12 невара ва 8 чеварамиз бор".
Турсунхон Умарова, стоматолог, фан номзоди, соғлиқни сақлаш аълочиси, республика халқ таълими аълочиси:
"Отам шифокор бўлиш орзусини амалга оширолмаган. У кишининг ундови билан ҳужжатларимни тиббиёт институтига топширганман. 20 йил давомида Охунбобоев номли тиббиёт билим юртида раҳбарлик қилдим. Бир вақтнинг ўзида ҳамширалик иши йўналишини ривожлантириб, унга пойдевор қўйдим".
Бахтиёр Ҳожимуҳамедов, офтальмолог, фан номзоди:
"Мутахассислигим офтальмолог, рафиқам Ирода Ҳожимуҳамедова – кардиолог. Айни пайтда дори-дармон саноатида ишлаймиз, тиббиётдан узоқлашмадик. Фарзандларимиз оилавий ишимизни давом эттираётганидан фахрланамиз. Оила биз учун – яқин инсонларимиз. Халқимиз «Дийдор – ширин», дейди. Ҳаммамиз бир дастурхон атрофида йиғилсак, бундан қадрли дам бўлмайди".
Саодат Назирова, ТТА кўз касалликлари кафедраси доценти, офтальмолог, тиббиёт фанлари номзоди:
"Отам кўз нурини йўқотган инсонларга кўриш қобилиятини қайтариши ҳақида кўп сўзлаб берарди. Шуларни эшитиб катта бўлганимданми, бундан-да олижаноб касбни тасаввур қилолмасдим. Аввалданоқ касбий танловим аниқ эди".
Шаҳзод Ҳожимуҳамедов, ТТА оториноларингология кафедраси магистри:
"Институтда фақат 4-босқичдан кейин тиббиёт менинг соҳам эканини англадим. Бугун магистрман, мустақил жарроҳлик амалиётини бошладим, бепул онлайн маслаҳат бераман. Бобом шундай дерди: «Инсонларни мавқеига қараб ажратма, ҳаммага бирдек муомала қил». Ишда ҳам ушбу қоидага амал қилишга интиламан".
Ko‘rishlar: 19
https://anatomica.uz/uz/articl...









