Ўғил болаларни бенуқсон тарбиялаш
Hayot sifati
Yangilangan:
Ўғил болаларни тарбиялашнинг 7+1 қоидаси
Ўғил болаларга ҳам жинсий тарбия бериш керакми ёки бу кўпроқ қизлар учун муҳимми?
Экспертларимиз Наргиза Медведева ва Расул Атаниязовфикрича, ҳар иккала жинс вакилларини бирдек тарбиялаш лозим. Жинсий тарбия инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши, соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиши ва ўзини хавфдан ҳимоялаши учун зарур.

Наргиза Медведева - психолог, сексолог; ўғил боллар тарбияси ҳақида саволарга жавоб берди:
Жинсий тарбия мавзусида ким гапириши керак: онами ёки ота?
"Жинсий тарбия иккисининг ҳам мажбуриятига киради. У мактаб (афсуски, бу ерда керакли шароит яратилмаган), интернет, дўстлар ёки акаларнинг вазифасига кирмайди.
Отанинг ўғилга гигиена, физиологик жараёнлар ва танадаги ёшга хос ўзгаришлар, шунингдек, презервативни ишлатиш, жуфти учун масъулият сезиш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳақида тушунча бериши осонроқ.
Лекин оналарнинг ҳам ўсмир ўғилга айтар гаплари бор. Қарама-қарши жинс вакиллари билан кўнгилдагидай муносабат ўрнатиш учун қиз ва ўғил бола ўртасидаги нозик ҳиссий алоқалар ҳақида тушунча бериш керак.
Баъзи оилаларда ота-онадан фақат бири бўлади. Шунда оғирлик бир «елка»га тушади. Аммо ўғлини ёлғиз тарбиялаётган она бу вазифани уддалай олмайди, дейишимиз нотўғри".
Қайси ёшда бола билан секс ҳақида гаплашиш мумкин?
"Жинсий тарбия – бу узоқ давом этадиган жараён. Ўсмир билан бир марта гаплашиш камлик қилади. Мулоқотни эрта ёшдан бошлаш керак. Ҳар бир ёш босқичида бериладиган маълумот ҳажми ва усули мавжуд".
Ота-она жинсий саломатлик мавзусидаги суҳбатларини қандай ўтказгани маъқул?
"Биринчидан, ота-онанинг ўзи ушбу мавзудан хабардор бўлиши керак. Бунинг учун билимини ошириши, мавзуга доир адабиётларни ўқиши, зарур бўлса, мутахассис билан мулоқот қилиши лозим".
Нима учун бундай суҳбат мураккаб саналади?
"Чунки ўзимиз жинсий тарбия олмаганмиз. Лекин болалар билан очиқ, ишончли суҳбат олиб борилса, муаммо бўлмайди. Фарзанд бир нарсани аниқ билиши керак: мабодо савол туғилиб қолса, ота-онасидан дакки эшитмайди, балки зарур жавобни олади".
Психосексуал ривожланиш:
Туғилгандан 3 ёшгача
Инсон туғилганидан бошлаб атрофидаги олам ва ўз танасини ўргана бошлайди. Кўпчилик ота-оналар сезса керак, кичкинтойлар бир ёшга қадар ўз қулоғи, сочи ва танасининг бошқа қисмларига тегиниб кўради, яъни улар билан танишади. Шу жумладан, жинсий аъзолари билан ҳам. Ушбу даврда инсонда психосексуал ривожланиш ўзини, жинсини англаш орқали кечади.
3 ёшдан 11 ёшгача
Бола 3 ёшдан бошлаб ўз жинси ва қарама-қарши жинс вакилларини ажрата олади. 4-5 ёшли болалар ота-онаси ёки дўсти, дугонасининг тана тузилишига қизиқади. Бу меъёрий ҳолат. У шахснинг англаш кўникмаси бўлиб, боланинг ривожланиши учун муҳим. Баъзида болалар душ қабул қилаётган ёки кийимларини алмаштираётган ота-онаси ва оиласининг бошқа аъзоларини яширинча ёки ошкора кузатади. Кўпчилик бу болаларни бузуқликда айблайди. Лекин аслида бундай эмас. Бола бу ахлоқсизлик эканини тушунмайди. У шунчаки қизиқади ва билишни истайди, холос. Оилада турли жинсли болалар бўлса осонроқ. Масалан, синглисининг таглигини алмаштираётган ўғил бола қиз боланинг жинсий аъзолари билан танишиши мумкин.
Худди шу ёшда руҳий либидо, яъни қарама-қарши жинс вакилларига майл шаклланади. Натижада ўғил болага боғча гуруҳидаги бирорта қизалоқ ёқиб қолади. У қизалоқ билан гаплашгиси келади. Бирга вақт ўтказишни ва гуруҳдошига эътибор қаратишни истайди. Бу инсондаги сексуалликнинг шаклланишида муҳим босқич. Ушбу ўзгаришларни ота-оналар тушунишлари ва асло тўсқинлик қилмасликлари, боланинг ҳиссиётларини кулгига олмасликлари лозим.

Ўсмирлик даври
"Ўсмирлик даврида руҳий ва жисмоний кўпгина жараёнлар рўй беради. Бола психологик ва амалий жиҳатдан ушбу ўзгаришларга тайёр бўлиши муҳим. Қандай тайёрлаш керак? Танадаги ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш лозим. Ота-оналар нафақат назарий билим, балки зарурий ҳаракатлар бўйича ҳам амалий тушунтириш беришлари зарур. Масалан, дезодорантдан фойдаланиш ёки тунгги полюция рўй берган бўлса, ичкийимни алмаштириб, чўмилиш зарурлигини тушунтириш керак.
Ўғил болаларни кўпроқ жисмоний белгилар ташвишлантиради. Уларни жинсий олатининг ўлчами ўйлантиради, лекин бу ҳақда бировга айтишга уялади.
Ҳақиқатдан ҳам бу муҳим муаммо, аммо очиқчасига айтилмайди. Афсуски, бугунги кунда жинсий аъзо ўлчамига доир кўплаб янглиш тасаввурлар мавжуд. Бу порносаноат ривожи ва порнографик фильмлар оммалашуви билан боғлиқ. Бундай видеоларда ўғил болалар 18–20 см.ли жинсий аъзоларни кўриб, ўзиники билан таққослайди ва оқибатда тушкунликка тушади. Марказий Осиёда жинсий аъзонинг ўртача ўлчами 11–13 см. Болага порно – бу кино, ундаги актёрлар муайян белгиларга қараб танлаб олинади ҳамда ҳаётда меъёр, намуна бўлолмайди, деб тушунтириш керак. Зеро, Ўргимчак одам каби қўлимиздан ўргимчак тўри чиқаролмасак, асабийлашмаймиз-ку.
Тунги поллюция ва ихтиёрсиз эрекция ҳақида олдиндан, яъни 10-11 ёшдан бошлаб тушунтириш керак..."
Ўсмир ўғилларни яна нима ҳақида огоҳлантириш мумкин?
"Контрацепция, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар, презервативлардан фойдаланиш ҳақида маълумот бериш лозим. Огоҳлантирибгина қолмай, ўргатиш керак. Ўсмир йигит ўз хатти-ҳаракатлари, ўзи дўстлашган қизнинг тақдири учун жавобгарликни ҳис этиши лозим. Бу, айниқса, бизнинг ҳудудда муҳим".
Ўсмир ёшидаги секс
"Жинсий ҳаётни жуда эрта бошлаш тавсия этилмайди. Бежиз вояга етмаганларни йўлдан урганларга жазо тайинланмайди ёки очиқ саҳналарни томоша қилиш учун ёшга доир чеклов мавжудлиги айтилмайди. Бола руҳияти улғайиш ёшига қадар жинсий ҳаётга тайёр бўлмайди. Ҳаммасининг ўз вақти бор. Амалий фаолиятимда эрта жинсий ҳаёт бошлаган инсонлар улғайгач, турли жинсий муаммоларга учраган ҳолатларга гувоҳ бўлганман.
Тўғри жинсий тарбия ўсмирга вазиятга масъулият билан ёндашишни ўргатади ва эрта, англанмаган жинсий алоқаларнинг олдини олишда ёрдам беради. Ота-оналар бу масалага қанчалик жиддий қараса, фарзандининг келгуси оилавий ҳаёти ҳам шунчалик сифатли, фаровон ва тартибли ўтади. Ота-оналарга китоб ўқишни, мутахассислар маслаҳатини тинглашни ва маълумот йиғишни тавсия қиламан. Аммо энг муҳими – болалар билан ишончли муносабатлар ўрнатиш".

Расул Атаниязов - эндоуролог, андролог-сексолог, ТошВМОИ урология ва андрология кафедраси ассистенти, Phoenix Andro Care клиникаси директори; ўғил болларни жинсий етилиши ҳақида:
Ўғил болаларда жинсий етилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Бошланғич босқич тахминан 11–13 ёшга тўғри келади. Организмда жинсий гормон ишлаб чиқарилиши бошланади. Ушбу гормоннинг қонда кўпайиши кўпроқ тунда, чуқур уйқу фазасида кузатилади. Кундузи унинг миқдори болалар ёшига хос бўлади. Ташқи ўзгаришлар билинмайди.
Фаол жинсий етилиш 13–16 ёшда рўй беради. Жинсий гормон туну кун ишлаб чиқарилади ва миқдори кўпая боради. Ташқи томонлама ўзгариш сезилади, яъни бўй ўсиши, тана, овоз, хулқ-атвордаги ўзгаришлар. Илк эякуляциялар содир бўлади (кўпроқ тунги поллюциялар). Жинсий аъзолар катталашади, иккиламчи жинсий белгилар шаклланади.
Якунловчи босқич 16–19 ёшда содир бўлади. Бу даврда гормонлар миқдори бироз пасаяди ва доимий даражага ўтади. Жинсий аъзолар ва жинсий хулқ-атвор шаклланиши тугалланади. Ташқи кўриниш якуний кўриниш олади.
Организмнинг хос хусусиятларига қараб, муддатлар кўрсатилган ёшлардан бир йил олдин ёки кейин фарқ қилиши мумкин.
- Ўғил болада мушак массаси тўплана бошлайди. Спорт билан мунтазам шуғулланмаса ҳам, жисмоний куч ортади, кенг елка ва ингичка сонли тимсолга хос кўриниш шаклланади. Овоз йўғонлашади ва баландлиги пасаяди.
- Гормонлар натижасида ташқи жинсий аъзолар ўзгаради, яъни олат катталашади ва ўсиш суръати мояк ўсишидан илгарилаб кетади. Эрекция такрорланиши ортади (жинсий қўзғалиш оқибатида ғалвирак таналарнинг қон билан тўлиши натижасида олатнинг катталашуви).
- Чов соҳаси, қўлтиқ ости, кўкрак ва юзда туклар пайдо бўлади. Тернинг кимёвий таркиби ўзгаргани боис, кескин ҳидли бўлиб қолади. Бу ёшда юзага келадиган тери муаммолари ҳам тестостерон миқдорининг ошиши билан боғлиқ. Бу ҳолатга организм ҳали мослашмаган бўлади. Ушбу муаммолар осон ечилади, яъни шахсий гигиена, терини парвариш қилиш орқали.
- Ўғил болаларнинг жинсий етилишидаги яна бир муҳим босқич – сперматогенез, яъни эркак жинсий ҳужайралари ишлаб чиқарилишининг бошланишидир. Бу жараён тахминан 15 ёшда бошланиб, намоён бўлиши тунги вақтда назоратсиз уруғ ажралиши билан тасдиқланади. Меъёрий поллюциялар ҳар 2-3 кунда рўй беради, аммо ўсмирлик даврида уларнинг кўпайиши ёки камайишига патологияга сифатида қарамаслик керак.
- Ўғил болаларда овоз ўзгариши 11 ёшдан 17 ёшгача содир бўлади. Жисмоний томонлама бу белги, қалқонсимон без тоғайининг кекирдак олмасига айланишини ифодалайди. Кекирдак 17 ёшга бориб тўлиқ шаклланади. Бу ёшда инсоннинг асл овози шаклланади.
- Эркакларда жинсий етилиш 18–20 ёшда тугалланади. Аммо унутмаслик керакки, бу – фақат жисмоний етилиш. Тўлиқ руҳий ривожланиш кечроқ якунланади. Болалар тез ўсади ва болалик давридан ўтган фарзандлардаги кутилмаган ўзгаришлар ота-оналарни қўрқитади.
- Ўғил болалар ота-онаси ва ўқитувчиларининг обрўсига шубҳа қилади, ахлоқ қоидалари кучини синаб кўради. Жинсий майл пайдо бўлади ва бу даврда назорат қийин кечади. Ёш йигит ҳар доим ҳам инстинктларини бошқара олмайди, ота-онанинг қатъий назорати эса вазиятни янада чуқурлаштиради.
- Бошланган жинсий ривожланиш даври руҳият учун оғирлик қилади. Шунинг учун яқинлари ўғил болага янада эътиборли, хушмуомала, эркак ва аёл муносабатлари борасидаги масалаларда сабрли бўлиши талаб этилади. Жинсий етилиш даврида ўғил бола билан мулоқотни узиб қўймаслик жуда муҳим.
Ko‘rishlar: 199
https://anatomica.uz/uz/articl...







