"Капалак Эффекти": Интим реабилитация

Eksklyuziv

Yangilangan:

    Интим яшартириш йиллар давомида тўпланган кўплаб муаммоларнинг ечими саналади. Фарзанд дунёга келтирган аёлнинг жинсий аъзолари илк ўзгаришга дуч келади. Туғуруқ вақтидаги шикастланишлар (йиртилиш, эт узилиши) қин тўқималари фаолиятининг бузилишига олиб келиши мумкин. Натижада сийдик йўли, бачадон ва қиннинг олд девори пастга тушиб қолади, йўтал тутганда ва оғир юк кўтарганда сийдик тута олмаслик ҳолати рўй беради. Кичик ва катта жинсий лаблар гипертрофияга учрайди, жинсий алоқа вақтида оғриқ сезилади, оргазмга эришиш қийинлашади. Ёш ўтиб, мушаклардаги олдинги таранглик ўрнида мускуллар атрофияси ва тўқималарнинг бўшашиши кузатилади.

Интим яшартириш усулига нафақат катта ёшли, балки ҳали туғуруқни бошдан ўтказмаган ёш хотин-қизлар ҳам мурожаат қилади. Бунга жинсий аъзоларнинг эстетик кўринишидан қаноатланмаслик (ташқи жинсий аъзоларнинг асимметрияси, гиперпигментация), қиндаги қуруқлик, жинсий алоқа вақтида оғриқ сезиш сабаб бўлиши мумкин.

 

Бу каби муаммолар доим ҳам тиббиёт аралашуви билан ҳал этиладими ёки  бошқа муқобил усуллар мавжудми? Келинг, ушбу ҳолатнинг белгилари ҳамда уни даволаш усулларини кўриб чиқамиз. 

 

Жарроҳлик усули

    Жарроҳлик аралашуви гинекологик касалликларнинг ўтказиб юборилган босқичларида, масалан, цистоцеле (сийдик пуфагининг пастга тушиб қолиши), ректоцеле (тўғри ичак олд деворининг қин томонга бўртиб чиқиши), бачадон бўйнини кўтариш, қин деворларини таранглаштириш, туғуруқдан кейинги чандиқларни йўқотиш, сийдик тута олмаслик кабиларда тавсия этилади.

Леваторопластика

    Гинекологик жарроҳлик Ўзбекистонда режали жарроҳлик амалиётлари рўйхатида учинчи ўринда туради. Ушбу интим муолажа тос мушакларини коррекция қилиш, кичик тос жойлашувини тиклаш учун ўтказилади. Леваторопластика ташқи жинсий аъзоларнинг кўркам кўринишини тиклаш амалиёти билан бирга олиб борилиши мумкин.

Олд леваторопластика

    Ушбу жарроҳлик амалиёти пролапсда ҳамда сийдик пуфаги, бачадон ва қин деворларининг қисман пастга тушиб қолишида буюрилади. Жарроҳлик муолажаси аъзоларнинг тўғри жойлашувини таъминлайди ва мушакларни таранглаштиради. 

Орқа леваторопластика

    Тўғри ичак деворларининг пастга тушиши ва тос атрофи мушаклари дисфункциясида орқа леваторопластика тавсия этилади. Бунда қиннинг орқа девори кесилиб, мушаклар таранг тортилади.

Лабиопластика

    Нотўғри ўтказилган туғуруқдан қолган жароҳат ёки кундалик турмушдаги эстетик ноқулайлик юзага келган ҳолатларда жинсий лаблар шакли ва ўлчамини тўғрилаш, ўзгартиришга мўлжалланган пластик жарроҳлик амалиёти қўл келади. Жарроҳлик нафақат соғлиқ билан боғлиқ муаммолар, балки ўзидан эстетик қаноатланмасликнинг ечими ҳамдир. Кўп ҳолларда бир муаммо доирасида бошқа бир нечтасини ҳал этиш мумкин. Масалан, тиббий кўрсатмага кўра, леваторопластика билан бирга TVT-пластика (аёлларда сийдик тута олмасликнинг олдини олиш учун синтетик илмоқ ёрдамида олиб борилувчи трансвагинал уретропексия)ни ҳам ўтказса бўлади.

 

Жарроҳлик усулининг афзаллиги – унинг натижаси узоқ муддат ёки умрбод сақланишида. Бундай амалиётдан кейин туғуруқнинг фақат жарроҳлик йўли билан ўтказилиши унинг асосий камчилиги ҳисобланади.

 

Консерватив усуллар

Интим пилинг

    Пилинг тери таранглиги, ёш кўринишини тиклаш ҳамда пигментацияни бартараф этиш учун ўтказилади. Муолажа ёрдамида тери тозаланади, моддалар алмашинуви, қон айланиши яхшиланади. Интим соҳада тук ўсишини вақтинча тўхтатиш мазкур усулнинг яна бир қулайлигидир. Муолажа ўтказиш учун шифокор кўрсатмаси шарт эмас, усул индивидуал тарзда танланади.

Филлерлар ёрдамида интим яшартириш

    Инъекцион муолажа орқали ажинлар текисланади, жинсий лаблар, G нуқтаси ҳажми катталашади ҳамда қинга кирувчи йўл тораяди. Филлернинг асосий компоненти асаб, бириктирувчи ва эпителий тўқималари таркибида мавжуд бўлган гиалурон кислотаси бўлиб, у вақт ўтиши билан организмда ташқи таъсирларсиз, мустақил равишда парчаланиб кетади.

Биоревитализация

    Қин қуруқлиги, жинсий алоқа пайтидаги ноқулайлик каби аломатлар кузатилганда, ташқи жинсий аъзолар ва шиллиқ қаватларни намлантириш усули қўлланилади. Биоревитализация худди филлерлар ёрдамида яшартириш каби инъекцион усул бўлиб, унда ҳам гиалурон кислотасидан фойдаланилади. Аммо ушбу муолажадан мақсад фақат тери ости бўшлиғини тўлдириш эмас, балки организмнинг ўзи гиалурон кислотаси, коллаген ва эластин ишлаб чиқаришини рағбатлантиришдир.

Лазерли интим яшартириш 

    Лазерли яшартириш чандиқ, тиртиқ, асимметрия, ёшга доир ўзгаришларни бартараф этиш, коллаген ишлаб чиқаришни кучайтириш, сезувчанликни тиклаш каби қатор физиологик ва эстетик масалаларни ҳал этишга имкон беради. Яшартириш жинсий аъзоларга комплекс таъсир кўрсатади (вагинал канални торайтиради, интим соҳа тонусини оширади, бўшашиш, ажин, қичишиш, қуруқлик ва безовталикни йўқотади), бу эса жинсий ҳаётни яхшилашга ёрдам беради. Лазер терига зиён етказмай, шиллиқ қаватни шикастламай, оғриқсиз тарзда қинга ишлов беради. 

Плазмолифтинг ёки PRP-терапия

    Бундай инъекцион муолажани ўтказиш учун беморнинг қон плазмасидан фойдаланилади. Чунки унда биостимуляция хусусиятига эга катта миқдордаги тромбоцитлар тўпланган бўлади. Аутологик ва хавфсиз ашё ҳисобланган плазма ҳужайраларда эластин ва коллаген ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Бу, ўз навбатида, ажинларни текислаш ва терининг қайта тикланишига кўмаклашади.

Ипли лифтинг (мезонити)

    Мезонити — эгилувчан ингичка игна ва сўрилиб кетувчи биоматериалдан тайёрланган ипдан иборат мослама. Керакли интим соҳадаги иплар ёрдамида таранглик ҳосил қилинган ўринда бириктирувчи тўқималарнинг ўсиши кузатилади. Бу натижа бир неча йил давомида сақланади. Муолажа тўқималарни истаганча моделлаштириш, шу орқали қинни торайтириш, чот деворларини мустаҳкамлаш, терининг эгилувчанлиги ва таранглигини тиклашга имкон беради.             

 

Муқобил усуллар

БТА-терапия

    Тос мушакларини «biofeed back» усулида машқ қилдириш кресло кўринишидаги махсус аппаратда амалга оширилади. Қурилма узатган импульслар аёлга ҳеч қандай жисмоний босим бермасдан, мушакларни мустақил қисқартиради, шу орқали тонусни оширади. (*БТА — биологик тескари алоқа)

 Интим гимнастика

    Интим гимнастика — тос мушакларини мустаҳкамлашга мўлжалланган машқлар тўплами. Мунтазам машғулотлар интим яқинлик пайтида сезувчанликни оширади, туғуруқ пайтидаги йиртилишлар, оғриқли менструация, бачадон, сийдик пуфаги ҳамда қин деворларининг пастга тушиб қолиши каби ҳолатларнинг олдини олади. Танани мукаммаллаштириш билан мустақил равишда шуғулланиш имконини берувчи турли усуллар (Кегель гимнастикаси, вумбилдинг, бодифлекс – «вакуум» машқлари) мавжуд. Аммо уларнинг барчасида асосий принцип ўхшаш: мушак каркасини яратиш (оёқ, сон, қорин мушакларини мустаҳкамлаш), тўғри нафас олиш ва тос мушакларини бевосита ҳаракатга келтириш.  

 

Эсперт: Феруза Жавдатовна Каримова, 

ТошВМОИ акушерлик ва гинекология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор

 

"Бугун аёллар интим пластикага олдингига қараганда эрта ёшда мурожаат қилишмоқда. Уларни маълум муолажалардан кейин интим ҳаётнинг яхшиланиши кўпроқ қизиқтиради. Интим яшартириш муолажалари индивидуал таъсирга эга ва натижалар давомийлиги организм ҳолатига кўра белгиланади. Жарроҳлик усулидаги муолажалар самараси бутун умр сақланиб қолади.

Маҳаллий яшартиришдан кейин аёл ҳомиладор бўлиши ва табиий йўл билан туғиши мумкин, бу эса жарроҳлик усули олдида катта устунлик саналади. Жарроҳлик аралашувидан кейин ҳам аёл ҳомиладор бўлиши мумкин, лекин бу ҳолатда туғуруқ  кесарча кесиш орқали амалга оширилади.

 

Интим пластика режали жарроҳлик амалиётлари рўйхатида учинчи ўринда туради.

 

Агар аёлга интим яшартиришнинг жарроҳлик усули буюрилган бўлса, у тўлиқ текширув ва тайёргарликдан ўтиши керак. Умумий гинекологик кўрик, кольпоскопия, кичик тосни УТТдан ўтказиш, ОИВга қон топшириш (Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича мажбурий), қиндан флорага суртма олиш, кардиолог билан маслаҳатлашиш, анестезиолог ёрдамида наркозга тайёрланиш лозим. Агар текширувлар давомида юқумли касалликлар, ўсмалар, жинсий аъзолар ва сийдик чиқариш тизими хасталиклари аниқланса, беморга даволаниш ва соғайгач қайтиб келишни тавсия қиламиз.

Интим яшартиришнинг консерватив усулида даволаниш учун гинеколог кўригидан ўтиш, кольпоскопия, умумий қон таҳлилидан ўтиш, қиндан флорага суртма олиш керак".

 

Эксперт: Дилмурод Соатович Иргашев,

PhD, РАРЧ (Россия инсон репродукцияси ассоциацияси) ҳамда Европа уролог ва андрологлар ассоциацияси аъзоси

 

Аёллар интим яшартиришга мурожаат қилишининг иккита сабаби бор: биринчиси, жинсий муносабатлардаги сезувчанликни ошириш бўлса, иккинчиси, эркакка кўпроқ мамнуният бағишлаш истагидир.

"Нотўғри ҳаёт тарзи, кетма-кет туғуруқ, йирик ҳомила, камҳаракатлилик, ҳаддан зиёд жисмоний юкламалар ва организмдаги бириктирувчи тўқималарнинг юмшоқлиги бундай муолажаларга зарурият пайдо қилади.  

Аёллар интим яшартиришга мурожаат қилишининг иккита сабаби бор: биринчиси, жинсий муносабатлардаги сезувчанликни ошириш бўлса, иккинчиси, эркакка кўпроқ мамнуният бағишлаш истагидир. Филлерлар таъсири узоққа бормайди, эришилган натижа атиги 2-3 ой, баъзида ярим йил сақланади. Шунинг учун интим муаммоларда ҳар бир вазиятга индивидуал ёндашувчи мутахассис – сексопатологдан ёрдам сўраш керак. Жинсий ҳаётдаги нотугалликлар ўзаро уйғунликка эриша олмасликка олиб келади. Натижада келишмовчилик ёки ажрашишлар юзага келиши муқаррар.

Тўғри ташхис ва оқилона ёндашув патогенетик терапияни танлаш имконини беради, муаммоларни бартараф қилиб, оилани сақлаб қолишга сабаб бўлади".

 

Фурқат Шуҳратович Баҳромов,

психиатр, нарколог, тиббий психолог, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

"Ҳозир интим пластикасининг оммалашувига аёлларнинг урфдан ортда қолмасликка интилиши, бир-бирига тақлид қилиши ҳам сабаб бўлмоқда. Кўпчилик аёллар интим муносабатларда малакасиз, оргазм нималиги ва унга қандай эришиш мумкинлигини билмайди. Интим муолажалар жинсий ҳаётга янгича мазмун олиб киради, деган хато фикрда.   

 

Тўғри, кўпчилик интим яшартиришдан кейин жинсий ҳаёти яхшиланганини таъкидлайди, аммо бу ҳиссиётлар янгилигида кузатилаётган вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин.

 

Аввало, муаммонинг жисмоний ҳолат билан боғлиқ ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида гинеколог билан маслаҳатлашиш зарур. Ҳар бир вазиятга индивидуал ёндашув талаб этилади. Тўғри, кўпчилик интим яшартиришдан кейин жинсий ҳаёти яхшиланганини таъкидлайди, аммо бу ҳиссиётлар янгилигида кузатилаётган вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин.

Жинсий муносабатларда муҳим ўрин тутувчи ўзига бўлган ишонч ҳисси инсон шахсиятига бевосита боғлиқ. Ўзига нисбатан ишончни гуруҳли психотерапевтик тренинглар ёрдамида шакллантирса бўлади. Бунда сексопатолог интим ҳаётга доир мавзуларда дарс беради.

Табиий аноргазмия(оргазмни ҳис қилмаслик) кам учрайди. Шунчаки, баъзи аёлларнинг жуфт танлаш бобида омади чопмайди. Аёл хоҳиш-истакларини тушунмайдиган ва жинсий муносабатларда ўзини қандай тутишни билмайдиган эркак бу каби салбий ҳолат сабабчиси бўлиб қолади. Аслида ҳар бир аёл оргазмни ҳис этиши мумкин".

 

    Агар аёл ўзи ва гўзаллигига ишонса, атрофдагилар ҳам уни шундай  қабул қилади. Лекин аномалия, жинсий алоқа вақтидаги ноқулайлик ва оғриқ каби ўзига ишонишга тўсқинлик қилувчи объектив сабаблар бор. Мана шундай ҳолатларда мутахассисга мурожаат қилса бўлади. Агар интим яшартириш учун тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлса, ушбу муолажани ўтказиш керак. Бошқа вазиятда бу аҳмоқона иш, мода ва сароб ортидан қувишдан бошқа нарса эмас.

Интим яшартириш косметик нуқсонлар, туғма аномалиялар, шикастланишдан кейинги ва ёш билан боғлиқ ўзгаришларни тўғрилаш имконини беради. Асосийси, табиатнинг бетакрор хилқати бўлмиш аёлнинг ўзига нисбатан ишончи ортиши ва ўзини жозибадор ҳис этишига сабаб бўлади.

Ko‘rishlar: 553

https://anatomica.uz/uz/articl...

Instagram sahifamizni kuzatib boring

@anatomica_uz