Детоксни қандай амалга ошириш керак?
Hayot sifati
Yangilangan:
Сўнгги пайтларда «детокс» тушунчаси гўзаллик саноати ва фитнесга оид блогларда шунчалик кўп учрамоқдаки, у ҳатто «диета» атамасини ҳам урфдан сиқиб чиқариш арафасида. Фитнес-гуруҳлари, соғлом овқатланиш соҳаси мутахассислари, Голливуд юлдузлари детоксни кенг тарғиб қилмоқда. Интернет тармоғида детокс-ретритдан ўтиш, детокс-менюни синаб кўриш ёки детокс-воркаутни амалга ошириш борасидаги таклифлар сони ошиб бормоқда. Бугун биз умумий амалиёт шифокори ва диетолог Антоний Мальков ёрдамида «детокс» атамаси, унинг зарурати, қўлланилиши билан танишамиз.

Детокс нима?
Биологик жиҳатдан заҳарли бўлган моддалар токсинлар деб аталади. Битта модда заҳарли бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Бари унинг концентрациясига боғлиқ. Организмда қандайдир модданинг рухсат этилган концентрациясидан ортиб кетиши интоксикация ҳисобланади. Агар оддий ичимлик суви миқдори бир суткада 6 литрдан ошиб кетса, у ҳам токсинга айланиб, сувдан заҳарланишга олиб келади.
Тиббиётда детокс (детоксикация) организмни табиий ёки сунъий йўл билан токсинлардан тозалашни англатади.
Сунъий детоксикация турли усуллар ёрдамида организмдан заҳарли моддаларни чиқариб ташлашдир. Масалан, овқатдан заҳарланишда ошқозон ювилади ва бу жараёнда сорбентлар (фаоллаштирилган кўмир)дан фойдаланилади. Буйрак ёки жигар етишмовчилигида табиий моддалар алмашинувини йўқотиш мақсадида гемодиализ ўтказилади.
Бу чиндан фойдалими ёки шунчаки маркетинг найранги?
Инсон организмида мунтазам равишда табиий «детокс» содир бўлиб туради. Бунинг учун жигарнинг цитохромоксидаза тизими жавоб беради, у ўз навбатида заҳарли моддаларнинг кимёвий таркибини ўзгартириш орқали зарарсизлантиради. Сўнг ушбу бирикмалар организмдан буйрак, сафро, тери орқали чиқарилади. Шу тарзда ишлашга созланган тизим одатда ҳаммасини ўзи мустақил равишда уддалайди. Асосийси, унга ўз ишини бажаришида халақит қилмаслик керак.
Қандай қилиб организмга ёрдам бериш мумкин?
Агар организмингизни «тозаламоқчи» бўлсангиз, асло ўзбошимчалик билан сорбентларни истеъмол қилманг. Акс ҳолда, витамин ва бошқа фойдали моддалар сўрилиши жараёни ёмонлашади.
Организм детоксикациясини ўтказишнинг энг содда усули – бу уни токсинлар билан «ифлослантирмаслик»дир. Бир қарашда содда, лекин чиндан самарали усул. Алкоголь ичимликлар истеъмол қилманг, тамаки чекманг, мусаффо ҳаводан нафас олинг ва кўпроқ сув ичинг. Вақти-вақти билан парҳез тутинг – 12–16 соатгача овқатланишдан воз кечинг. Бу вақтда сув ичишингиз мумкин. Сабзавот ва мевалар таркибидаги клетчатка ҳам сорбцион хусусиятга эга бўлиб, ички аъзолардаги моторикани кучайтиради ва сафрони ҳайдашга ёрдам беради. Масалан, лавлаги шарбати организмдан ёт ва зарарли моддаларни чиқариб юборишга кўмаклашади.
Шу ўринда савол пайдо бўлади: «Детокс дастурлар» номини олган шиша идишдаги смузиларнинг фойдаси борми? Бу ўринда ҳар бир маҳсулот организмга потенциал зарар нуқтаи назаридан алоҳида кўриб чиқилиши керак. Агар смузининг 100 мл миқдорида 5–10 грамм шакар бўлса, у ҳолда бу каби ичимликнинг фойдадан зарари кўп. У қондаги қанд миқдорини кўтаради, шунинг учун метаболик синдроми бор ва қандли диабет касаллигига учраган одамлар тавсия қилинмайди. Яроқлилик муддати ва сақлаш шартларига албатта эътибор беринг. Маҳсулот пастеризация қилинган бўлиши мақсадга мувофиқ. Бу унинг таркибидаги витаминларни сақлаб қолиш ва микроорганизмларга қирон келтиришга имкон беради.
Умуман олганда, детокс дастурдан жой олган турли смузилар ортиқча пул сарфлашга арзимайди. Ундан қуёшли юртимизда пишиқчилик палласида сероб бўлган мева ва сабзавотлар афзалдир. Хуллас, детоксни амалга ошириш учун энг яқин бозорга яёв бориб, мева ва сабзавотлар олиб келинг. Қарабсизки, жисмоний фаоллик орқали юрак-қон томир тизими соғломлиги фойдангизга қолади.
Ko‘rishlar: 19
https://anatomica.uz/uz/articl...







