Proteinli kokteyllar haqida 5 ta savol

Hayot sifati

Yangilangan:

Протеинли коктейллар тобора оммалашмоқда. Спортчилар, фитнес мураббийлари, тўғри овқатланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи тарафдорлари, хушбичим қомат тарғиботчилари ушбу ичимликни ҳар кунлик таомномага қўшиш таклифи билан чиқмоқда. Аслида протеинли коктейллар чиндан ҳам фойдалими ёки улар спорт ва гўзаллик саноати рекламасининг бир қисми холосми? Ушбу саволга малакали шифокор-диетолог Дмитрий Вдовин ёрдамида жавоб топамиз.

 

Дмитрий Вдовин, PhD, шифокор-диетолог, андролог, ЎзР бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерацияси бош шифокори, Frank Medic клиникаси ва Body Tech фитнес клуби бошқарувчиси

 

Протеин ёки оқсиллар – организмнинг асосий қурилиш материали. Улар қаторига инсонни инфекциялардан ҳимояловчи антитела ва кислород ташувчи гемоглобинлар ҳам киради. Протеинлар етишмовчилиги бир қатор муаммолар, жумладан, вазннинг кескин ортиши ёки камайиши, яраларнинг секин битиши, юқумли касалликларга чалиниш, шишлар, соч ва тирноқлар ҳолатининг ёмонлашуви, тушкун кайфиятга сабаб бўлади. Оқсилнинг кунлик меъёри 1 кг вазнга 1,5–2,5 граммни ташкил этади. Бундай натижага тўғри овқатланиш ҳисобига эришиш мумкин. Лекин замонавий турмуш тарзи шароити ва тўғри овқатланишга амал қилмаслик буни қийинлаштириб юборади.

 

 

Протеинли коктейл – бу компонентлар жамланмаси бўлиб, унинг таркибида сут зардоби, тухум оқи ёки соя донларидан олинадиган, сувда эрийдиган табиий оқсил мавжуд. Мазкур ичимлик у ёки бу сабабга кўра оқсил тақчиллиги юзага келганда унинг ўрнини тўлдириш учун ёрдамга келади.

 

Протеинли коктейлларнинг оммалашувига асосий сабаб ичиш учун қулайлиги, фойдалилиги ва паст калорияга эгалиги ҳисобланади. Бундай протеин организмга енгил сўрилади ва ёғ қатламини ҳосил қилмайди. У метаболизмни тезлаштиради, демак, ортиқча ёғларни тез парчалайди. Оқсилнинг мушак қисқаришидаги фаол иштироки туфайли мазкур ичимлик жисмоний машқлар билан биргаликда расо қомат шаклланишига ёрдам беради.

 

Мушак чиқариш ёки озиш учун кукун кўринишидаги протеинлар истеъмол қилиниши шарт эмас. Протеин изолятлари ва гейнерларни ишлаб чиқарган компаниялар катта сармоя эвазига маркетинг кампаниялар олиб бориб, бу маҳсулотлар беморлар ва спортчиларда осонлик билан мушак чиқаришга кўмаклашади, деган ёлғон ахборот тарқатмоқда. Аммо ҳар куни истеъмол қилиш мумкин бўлган протеиннинг табиий манбалари – творог, сут, гўшт, тухум каби маҳсулотларни ҳеч ким инкор этган эмас.

 

 

 

Мушаклар устида ишлашда бу каби коктейллар енгил тамадди ўрнини босади. Улар ёрдамида ҳазм қилиш тизимига зарар етказмасдан очликни енгиш мумкин.

 

Протеинли коктейллар қуйидаги турларга бўлинади:

  • асосида сут, кефир, йогурт бўлган ҳамда қўшимча сифатида мева қўшиладиган уй шароитидаги сутли коктейллар. Бу каби коктейллар юқори калорияга эга;
  • вегетариан сифатида ҳаёт кечирувчилар учун ўсимлик таркибига эга коктейллар. Улар асосан ундирилган буғдой, сули, соя ва бошқа ўсимликлардан тайёрланади;
  • спорт озуқаси сотиладиган дўконлардан осон топиш мумкин бўлган тайёр протеинли коктейллар. Улар тайёрлаш ва ичиш учун жуда қулай, калорияси меъёрида ва таъми мазали.

 

Спорт озуқаси гейнерлар, хард-гейнерлар ва изолят турларига бўлинади. Гейнерларда турли нисбатларда оқсил ва углевод мавжуд. Хард-гейнерларда – оқсил, ёғ ва углеводлар бор. Изолят эса юқори тўйинган оқсилга эга. Булар тайёр протеинли коктейллар ҳисобланади. Спортчи уларни ўз олдига қўйган мақсадидан келиб чиқиб танлаши лозим.

 

 

 

Протеинли коктейллар саломатлик учун жиддий зарар келтириши мумкинми? Баъзи инсонларда озиқ-овқат маҳсулотига нисбатан шахсий қабул қила олмаслик бўлиши мумкин, бу оқсилли коктейлларга ҳам тегишли. Чунки протеинли коктейлларда айрим ҳолатларда консервантлар, аллергенлар, синтетик токсинлар, хушбўйлантирувчилар ва ҳатто оғир металлар ҳам учрайди. Ножўя таъсирнинг олдини олиш учун бошқа маҳсулотлар қатори протеинли коктейлларни танлашга ҳам масъулият билан ёндашган маъқул.

 

Агар аллергик реакция бўлмаса, бу каби коктейлларни ичишнинг зарари йўқ. Консервантлар эса нафақат протеинли коктейлларда, балки дўкондан харид қилинаётган ҳар қандай маҳсулотда учраши мумкин.

 

 

 

Энг муҳими, оқсилли коктейллар тўлақонли оқсилли озиқ-овқат муқобили бўла олмаслигини ёдда тутинг. Тадқиқотларга кўра, улар кун давомида бир маҳал овқат ўрнини босиши мумкин, таомномасидан ширинлик ва пишириқларни олиб ташлаган инсон учунгина озишга ёрдам беради, кунлик оқсил меъёрининг ошиб кетиши эса буйрак ва жигарга салбий таъсир қилади.

 

Мен одатда ҳеч кимга протеинли коктейлларни ичишни тавсия қилмайман. Ўзим ҳам уларни деярли ҳеч қачон истеъмол қилмайман, чунки бунда ҳеч қандай маъно кўрмайман. Аслида таомларда оқсил етарли миқдорда. Қолаверса, улар арзонроқ. Мен оддий творог, гўшт, товуқ, тухум, кефир истеъмол қилишни маъқул кўраман.

 

Мушак массасини ошириш учун жисмоний машқлардан олдин ва кейин протеинли коктейллар тавсия этилиши мумкин. Машғулотлардан олдин улар организмни етарли миқдорда оқсил билан тўйинтиради, бу эса мушак массасининг ортиши ва ёғ қатламининг камайишига ёрдам беради. Машғулотлардан сўнг эса бу куч-қувватни тиклашда яхши усул саналади. Вазн ташлашда юқори калорияга эга ва ёғга бой маҳсулотлар ўрнини протеинли коктейллар бо- сиши мумкин. Чунки коктейлни ичгандан сўнг узоқ вақт давомида оқсиллар сўрилиши ҳисобига тўқлик ҳисси сақланиб туради. Шуни ҳам ёдда тутиш керак, улар ёғни парчаловчи ёки анорексиген хусусиятга эга эмас.

 

Кўпчилик одамлар кукунсимон протеинли коктейлларга спортчилар учун зарарли «кимё» ва стероид воситалар, дея қарайди. Шунинг оқибатида турли уйдирма ва гумонлар пайдо бўлади. Аслида улар шунчаки яхши сўриладиган, тозаланган оқсил маҳсулотлари бўлиб, худди болалар озуқаси каби тайёрланади.

 

Спорт озуқа қўшимчаларидан хабари бўлмаган шифокорлар спортчиларга протеинли коктейлларни тавсия қилмайди. Чунки улар бу ичимликни анаболик стероидларга ўхшатади. Аммо булар бошқа-бошқа нарсалар.

Ko‘rishlar: 19

https://anatomica.uz/uz/articl...

Instagram sahifamizni kuzatib boring

@anatomica_uz