3 ta mutaxassis hayotingizni qanday qayta boshlashni aytib beradi
Hayot sifati
Yangilangan:
Инсон ҳаётида хатоликлар рўй бераётганини сезиши билан бир муддат тўхтаб, қадриятларини қайта кўриб чиқиши керак. Албатта, эндокринолог, диетолог ва психолог билан бамаслаҳат.

Гульнара Нишановна Рахимова, эндокринолог, ТошВМОИ эндокринология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори
Ҳақиқий гўзаллик ботиний гўзалликдир. Эндокрин тизимингиз яхши ишламас экан, ҳеч қандай косметологик муолажалар ва косметик воситалар ўзингизга бўлган тўлақонли ишончни қайтариб беролмайди. Эндокрин тизимини механик соатга ўхшатиш мумкин, унда битта детал оқсаса, бутун бошли механизм издан чиқади. Айнан шунинг учун гормонлар фаолиятини назорат қилиш ва ташқи белгиларига эътибор қаратиш муҳим.
Гормон «hormao» сўзидан олинган бўлиб, «ҳаракатга келтираман» деган маънога эга. Демак, ёш кўриниши ва катта ёшда ҳам ўзини яхши ҳис қилиши учун инсон ёшликдан барча ҳаётий жараёнларни ҳаракатга келтирувчи гормонал фонни яхшилаши керак. Гормонлар нафақат физиологик жараёнлар, балки инсоннинг руҳий ва ҳиссий ҳолати учун ҳам жавоб беради.
Ўсмирларни кўпроқ ҳуснбузар, терининг ёғлилиги, юз, қўл ва оёқлардаги ортиқча туклар безовта қилади. Бундай вазиятларда гиперандроген ҳолатни истисно қилиш учун жинсий гормонлар ва буйракусти безларини текшириш керак. Тери қуруқшаши, соч тўкилиши, мўрт тирноқлар – анемия ва қалқонсимон без фаолиятининг сусайиши оқибатидир.
Ёғли терида йирик тешиклар, турли тошмалар пайдо бўлиши, тирсаклар терисининг қуруқшаши, семизлик пайтида қориндаги бурмалар буйракусти безларининг кортизол гормони кўпайиб кетгани туфайли юз беради. Кортизол даражаси пасайганда, юз ва бутун тана бўйлаб гиперпигментация кузатилади.
Эркак ва аёл гормонининг ишлаб чиқарилишидаги бузилишлар репродуктив саломатлик борасидаги муаммоларга сабаб бўлади. Аёлларда циклдаги ўзгаришлар, овознинг дағаллашуви, танада эркакларникидай туклар ўсиши каби ҳолатлар кузатилади. Эркакларда тестостерон камайганда, эрекция билан боғлиқ муаммолар, кайфиятдаги ўзгарувчанлик, семизлик хавфи пайдо бўлади. Организмдаги бу каби белгиларга эътиборсиз бўлманг.
Муаммонгиз бўлса, интернетдан жавоб изламанг, аксинча, дарҳол мутахассисга мурожаат қилинг. Гормонал терапиядан қўрқманг, бундай афсоналарни йўқ қилиш вақти келди. Замонавий дори-дармон саноатида гормонларнинг аниқ муқобиллари мавжуд. Шунинг учун биз даволамаймиз, балки камчиликни тўлдирамиз. Барчаси оддий.
Биргина бармоқ ҳаракати билан тескари жараённи бошлаб бўлмайди, чунки эндокрин тизими жуда мураккаб тузилган. Ботиний гўзаллигингиз ҳақида қайғуришни бугундан бошланг.

Олеся Анатольевна Курбанова, диетолог-маслаҳатчи, нутрициолог, соғломлаштирувчи озуқалар етказиб берувчи компания етакчи диетологи, тўғри овқатланиш ва вазнни коррекция қилиш бўйича маслаҳатчи
Мен инсонларга: «Таом сиз учун нима?» деб савол берсам, кўпчилик: «Таомми? Оҳ, бу лаззат-ку», дея жавоб беришади. Лаззат, деяпсизми, демак, сиз аллақачон овқатга қарам инсонсиз. Таом – бу қувват манбаи, биз учун ёнилғи мисоли. Тонгда уйғониб, ўзингизга: «Мен ўзгаришларга тайёрман», деб айтишингиз учун шунчаки хоҳишнинг ўзи етарли эмас, аксинча, тўғри овқатланишнинг менга албатта фойдаси бор, деган қатъий кўрсатма зарур. Нимани ва қачон ейишни фақат ўзингиз белгилашингиз керак. Кўрсатмаларни ойдинлаштиргач, ҳаракатни бошлаш учун тайёрсиз, деб ҳисоблаш мумкин.
Биринчи ишимиз: етарлича сув ичишни ўрганамиз. Сув танамиз ва моддалар алмашинувини фаоллаштиради. ЖССТ меъёрларига кўра, сувнинг кунлик меъёри – 1 кг вазнга 30 мл. Лекин менинг кунлик ўз меъёрий ўлчовим бор: оч қоринга икки стакан: 1 стакандан овқатдан 20 дақиқа олдин ва 40 дақиқа кейин; кунига икки литр атрофида. Лекин буларнинг барчаси механизмлар, холос. Вазифамиз – механизмларни бугун ишга тушириш. Токи эртага улар мустақил ишласин. Чунки инсон маълум вақтдан кейин ўзини тетик ҳис этиши учун қачон ва қанча сув ичиши кераклигини ўзи тушуна бошлайди.
Иккинчи қоида – бўлиб овқатланиш. Тановул маҳалининг тахминий вақти – ҳар 2,5–3 соатда. Будильникни қўйинг ва сигнали бўйича овқатланинг. Сўнгги тамадди уйқудан уч соат олдин бўлиши зарур. «Олтидан кейин овқатланмаслик керак» деган стереотиплар организмни чарчатади. Биз эса ҳаракат, ўз устимизда ишлаш, тафаккурни ишга солиш орқали «янгиланамиз». Бир маромдаги тановул асосан уч маҳалги овқатланиш (ҳар порцияси 250 гр.гача) ва икки маҳал енгил тамаддидан иборат. Тўғри овқатланиш рационига оқсил, ёғ ва углеводлар ҳам киради. Мева, сабзавот, гўшт, макарон ҳам ейиш мумкин, фақат ўз вақтида ва оз миқдорда.
Ҳеч қандай мўъжизавий воситаларнинг ўзи йўқ, фақат бир маромдаги, тўғри овқатланиш, ўз устида, тана ёрдамида ишлаш ва ирода кучи бор, холос. Агар ширинликка ўрганган бўлсангиз, ундан воз кечиш осон эмас. Ҳали ўзингизни қийнаб, шакардан воз кечишингиз керак. Биринчи уч ҳафта қийин кечади, лекин 21 кун қоидаси наф беради. Ширинликка чиндан ҳам эҳтиёж сезиладиган вақтлар бўлади, асабий ҳолатда ёки юқори жисмоний фаолликдан сўнг истеъмол қилиш мумкин. Бундай вазиятларда сизга оддий углеводлар ёрдам беради – шоколад ёки бир қошиқ асал енг, бошқа ҳолатларда тақиқ ўз кучида қолади. Ҳар гал буни уддалаганингизни ҳис этганда, ўзингизни мақтаб қўйинг. Оддийгина шакарли чой ёки пирожноедан воз кеча олдингизми, демак, сиз ғолибсиз.
Учинчи қоида: тиниқиб ухланг. Уйқу марказий асаб тизими фаолиятини тиклайди. Уйқу вақтида соматотроп гормони ишлаб чиқарилади. У ухлаганда ёғларни эритишга ёрдам беради. Ўз вақтида ухлаймиз, эрта уйғонамиз ва организмимизни биологик ритмга мослаштирамиз.
Охирги қоида: лаззатни овқатдан бошқа нарсадан изланг. Баъзида истаган таомингизни енг, бу руҳий-ҳиссий қайта тикланишга ёрдам беради. Имкони бўлса, хурсандчилик манбаини соғлом қизиқишлардан изланг. Бу спорт, ижод, секс, шопинг, спа-муолажалар бўлиши мумкин.
Аксарият оналар «увол бўлмасин», деб болаларидан қолган овқатни еб қўяди. Мен ҳам шундай эдим. Кейин ўйлаб қолдим: «Чиқиндига ташлаш увол-у, ичингга ташлаш уволмасми? Чиқинди челагимисан?». Бу ўзимга бўлган муносабатни ўзгартирди. Аввал ўзингиз, сўнг оилангиз. Аввало, ўзингизни севинг.
Агар сиз овқатни бошқармасангиз, у сизни бошқаради, бошқа йўли йўқ.

Ширин Рахимжановна Абидова, «Mehrli qo‘llar» имконияти чекланган ёшлар ва болалар республика маркази психологи
Жаҳлдор, дарғазаб, ғамгин бўлиш табиий ва ҳатто фойдали ҳам. Фойдаси шундаки, бундай ҳиссиётлар ифодасига «қизил чироқли» белги сифатида қараймиз ва чорасини кўрамиз. Жараён чуқурлашгач эса, соғлиқ учун зарарли, исталмаган оқибатлар юзага келади. Инсонлар бу каби вазиятларда ёқимсиз одатларининг сабаблари билан эмас, аксинча, белгилари билан курашишни бошлайди. Ортиқча вазн йиғиш, тамаки маҳсулотлари чекиш, уйқу ритмининг бузилиши, ўзига эътиборсизлик, эр-хотинлик муносабатларига қизиқишнинг йўқолиши шулар жумласидандир. Бу ҳиссий, жисмоний, хулқ-атвор билан боғлиқ ва ҳаттоки тафаккурга хос кўринишлар бўлиб, улар аслида келажакка муносабатимизни шакллантиради. Инсон ҳаётида хатоликлар рўй бераётганини сезиши билан қадриятларини қайта кўриб чиқиши, руҳан янгиланишга интилиши керак.
Психологияда Пол. Ж. Майер томонидан яратилган «Ҳаёт мувозанати ғилдираги» номли усул бор. Ғилдирак ҳаёт мазмунини ошириш учун нимани ўзгартириш кераклигини аниқлаш ва кўпроқ эътибор талаб қилувчи заиф томонларни топишга ёрдам беради. Ҳаёт ғилдираги қоғозга чизилган оддий доира бўлиб, у сизга ўзгаришларни нимадан бошлашни кўрсатади. Бу биринчи қадамдир. Доира чизинг ёки чоп этилган вариантини топинг.
Уни секторларга бўлиб, белгилаб чиқинг. Белгилар сифатида ижтимоий ҳаётдаги вазифаларингизни ёзишингиз мумкин: сиз – ота-она, фарзанд, раҳбар, спортчи; ёки ҳаётингиз ва фаолиятингиз билан боғлиқ соҳаларни кўрсатинг: саломатлик, севимли касб, оила, хобби, шахсий ҳаёт, дўстлар. Булар барчаси, сизнингча, бахтли, тўлақонли ҳаёт кечираётган инсонда бўлиши керак.
Сўнг вақтингиз ва кучингиз кўпроқ нималарга сарф бўлишидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир секторга 10 балли тизимда бўйича тегишли баллар қўйиб чиқинг. Ҳаётингизда рўй бераётган воқеаларни таҳлил қилиб, ҳақиқий вазиятни баҳолашга киришинг. Спортга қизиқасизми? Сўнгги марта қачон ёлғиз қолгансиз? Оиладаги муносабатлар сизни безовта қиладими? Сиз тез-тез ғазабланасизми ёки норози бўласизми?
Шу тариқа доирангиз тўлиб боради ва сиз ҳаётий вазиятингизнинг асл ҳолатини кўрасиз. Агар ғилдирак думалоқ чиқса, вазифангиз – ривожланишда давом этиш. Нотекис чиққан бўлса, табриклайман, сиз барча вазифангизни акс эттира олдингиз. Ҳаёт ғилдирагингиз текис айланиши учун улар устида ишлашингиз керак.
Энди энг муҳим иш – бўялган сегментларни диққат билан ўрганиб чиқинг ва энг оқсаётган соҳани аниқланг. Бу етакчи сектор бўлади. Яқин уч кун давомида ушбу соҳада қандай биринчи беш қадамни қўя оласиз, токи қолганлари ҳам ижобий ўзгаришлар сари силжисин? Бу бирданига бир нечта масалага ўралашмасдан, фақат биттасида диққатни жамлашга ёрдам беради.
Ҳар бир онгли қадамда доирангиз текисланиб боради. Ғилдиракни ҳаракатга келтириш ва ҳаётий куч қуйилиб келаётганини ҳис қилиш учун бир неча қадам босиш кифоя.
Ko‘rishlar: 40
https://anatomica.uz/uz/articl...







