Вакцина қандай яратилган

0

ZF-UZ-VAС 2001 Ўзбекистонда коронавирусга қарши рўйхатдан ўтган биринчи вакцинага айланди. Унинг илмий янгилиги, таркиби ва қандай қилиб Ўзбекистон Хитой вакцинасининг ҳаммуаллифига айлангани ҳақида биолог Дилбар Долимова сўзлаб беради.

Дилбар Долимова
Инновацион ривожланиш
вазирлиги ҳузуридаги Илғор
технологиялар марказининг
замонавий биотехнология
лабораторияси мудири,
биология фанлари номзоди

 

ZF-UZ-VAС 2001 вакцинасининг бошқа эмланмалардан фарқи нимада?

Бу – рекомбинант оқсил вакцинаси. Унинг энг муҳим компонентларидан бири – коронавируснинг ташқи оқсили биотехнологик йўл билан синтезланган. Вакцинани яратишнинг ушбу технологиясида тирик вирус ёки унинг қисмлари ишлатилмайди, барчаси сунъий йўл билан олинади. Шу тарзда олинган эмланмалар юқори хавфсизлик профилига эга ва самаралироқ. 

Вакцинани яратишга Илғор технологиялар маркази ва сизнинг лабораториянгиз қандай ҳисса қўшди?

Марказ Вирусология институти билан ҳамкорликда мазкур вакцинанинг учинчи клиник синовларида иштирок этди. Учинчи босқич унинг самарадорлигини тасдиқлади.

Вакцинани хитойлик олимлар ишлаб чиққан. Ўзбекистондаги клиник синовлар жараёнида эмланманинг коронавируснинг бошқа штаммларига, жумладан, мамлакатимизда аниқланган британча штаммга ҳам қарши самарадорлиги тадқиқ қилинган. Марказ мутахассисларининг ҳиссаси ва клиник синовда 7000 нафар кўнгиллининг иштирокини назорат қилгани учун ўзбек олимлари ушбу вакцинани яратишда ҳаммуаллиф сифатида эътироф этилди.

Лабораториянгиздаги нечта ходим вакцина яратилишида иштирок этди?

30 нафар. Клиник синовлар ва илмий ишларда марказ директори Шаҳло Турдиқулова бошчилигидаги биотехнология лабораториясининг барча ходими иштирок этади.

Болалар ва 60 ёшдан ошганларни ушбу вакцина билан эмлаш мумкинми?

Вакцина 18 ёшдан катталар учун тавсия қилинади. Чунки эмланманинг болалар оррганизмига таъсирига доир етарли маълумот мавжуд эмас. 60 ёшдан ошганлар эмланиши мумкин. Клиник синовлар натижасига кўра, мазкур муолажа ижобий уларда натижа беради.

Ушбу вакцина билан неча марта эмланиш зарур?

Хусусиятларига кўра, мазкур вакцина уч босқичли қўллашни талаб қилади. Мижоз 28 кун оралиқ билан уч марта эмланиши керак.

Нима учун спортчиларимиз Спутник V вакцинаси билан эмланяпти?

Биз спортчиларни эмлаш учун вакциналар танловида иштирок этмадик. Лекин олим сифатида таъкидламоқчиманки, ZF-UZ-VAС 2001 вакцинаси нафақат хавфсизлик ва самарадорлик, балки организм томонидан енгилроқ ўтказилиши бўйича ҳам устунликка эга. Агар ўзбек-хитой вакцинаси замонавий биотехнологик усулда ишлаб чиқилгани ва юқори иммуногенликка эгалиги, специфик антитаначалар ишлаб чиқарилиши ҳам юқори эканини аҳолига етказсак, унга муносабат ўзгаради. Ўзим ҳам шу вакцина билан эмландим.

Илғор технологиялар марказида ишлаб чиқилаётган маҳаллий вакцина ҳақида ҳам сўзлаб беринг. Вакцина яратиш жараёни қайси босқичда?

Ўзбекистондаги бир-бирига мутлақо боғлиқ бўлмаган тўртта муассаса вакцина ишланмаси билан шуғулланяпти. Булар – Ўсимлик моддалари кимёси институти, Геномика ва биоинформатика маркази, Микробиология институти ва бизнинг марказ. Биоорганик кимё институти олинган вакцинани «тозалаш» жараёнида иштирок этади.

Марказимизда рекомбинант ва  ДНК вакцинани яратиш йўналишида тадқиқотлар давом этяпти. Ишланмага марказнинг етакчи олимлари – генетик, биотехнолог ва кимёгарлар жалб қилинган.

Вакцина яратиш учун қандай моддалар зарур, масалан, вируснинг ўзи керакми? У қаердан олинади ёки махсус яратиладими?

Рекомбинант ёки ДНК вакцинани ишлаб чиқиш учун тирик вирус шарт эмас. Барча моддалар синтезланади. Рекомбинант вакциналарни яратиш зарур антигенлар синтезини таъминлайдиган генларни клонлашни ўз ичига олади. Иккинчи йўл – вакцина сифатида продуцент ҳужайраларини қўллаш. Бундай вакциналар хавфсиз саналади. Ушбу технология асосида ҳаммага маълум В гепатитига қарши вакцина яратилган.

Яратилаётган вакцина барча мавжуд ва янги штаммлар учун бирдек универсал таъсирга эга бўладими?

Ҳеч қайси вакцина панацея (барча касалликка даво бўлувчи афсонавий дори) бўлолмайди ва турли штаммларга бирдек қарши туролмайди. Худди гриппга қарши вакцинага ўхшайди. Лекин амалда бир нечта машҳур штаммга қарши самарали экани аниқланмоқда. Янги штаммлар пайдо бўлса, вакцинани қайта ишлаш қийин эмас.

Лабораториянгиздаги қайси ишланмаларни аҳамиятли дея оласиз ва нима учун?

Охирги ишланмалардан бири –  коронавирусни аниқловчи тест тизими лабораториянинг жиддий ютуғи бўлди. Мамлакатимизда кучли эҳтиёж сезилган бир пайтда тестларни ўз вақтида яратиб, ишлаб чиқаришга татбиқ эта олдик.

Бошқа касалликларни тадқиқ қилишнинг молекуляр-генетик усулларини ишлаб чиқиш бўйича узлуксиз ишланяпти.

Масалан, инсон ошқозонида юрадиган Helicobacter pylori патоген бактериясини аниқлашнинг мультиплекс таҳлилини реал вақт режимида ПЗР усулида ишлаб чиқдик. Адреногенитал синдромга* олиб келадиган мутацияларни аниқлаш усулини йўлга қўйдик.

Тадқиқотларимиз бевосита амалий фойда келтиришига ҳаракат қиламиз. Асосий қоидамиз – фақат илм-фан учунгина илм-фан билан шуғулланмаслик.

 

* Маълумот: буйракусти бези қобиғининг туғма дисфункцияси (БУБҚТД, адреногенитал синдром) – бу туғма касаллик бўлиб, буйракусти бези қобиғида гормонларнинг синтези бузилган бўлади ва эркаклик гормони – андрогенлар ортиқча миқдорда ишлаб чиқарилади.

 

 

Матн:

Наталья Силкина

0
    0
    Ваша корзина | Sizning savatingiz
    Ваша корзина пуста | Savatingiz bo'shВернуться к покупке | Sotib olishga qaytish