Майлни бошқариш

0

Майлни назорат қилиш. Қарамлик психологиясини нейромодуляция услуби ёрдамида тушуниш ва қабул қилиш. Қарамликка шерик бўлиб қолмаслик ҳақида психотерапевт Болтаев Азизбек сўзлаб беради.

Маълумот:

Азизбек Болтаев, шифокор-психотерапевт, ментал саломатлик соҳасида халқаро эксперт

 

Ичкиликбоз ва гиёҳвандлар яшайдиган оилалардаги вазият «қарамликка шериклик» дейилади. Буни қандай тушуниш керак?

«Қарамликка шериклик» тушунчаси кимнингдир иллатини йўқотишга муккасидан кетиш маъносини билдиради. Шерик инсонлар гиёҳвандлик моддалари, қиморбозлик кабиларга қарам яқинларининг хулқ-атворини назорат қилмоқчи бўлади ва бунга киришиб кетганидан ўзини ҳам унутади. Масалан, ичкиликбоз одамнинг рафиқаси эрининг калтак ва камситишларига йиллаб чидаши, яна турмуш ўртоғига раҳм қилиши ҳам мумкин. Ёки жанжалнинг олдини олиш учун доим ичкилик келтириб беради. Шундай вазиятлар борки, шерик рафиқалар эрига қўшилиб ичкилик ича ёки гиёҳвандлик моддаларини қабул қила бошлайди. Мақсади турмуш ўртоғини ёмон улфатлардан ҳимоялаш бўлади.

Қарамликка мойиллик ирсий бўлиши мумкинми?

 

Албатта. Аждоди қарамликдан азият чеккан инсонларда бундай қариндошлари бўлмаган одамларга қараганда касаллик ривожланиши хавфи кўпроқ. Генетик тадқиқотларга кўра, 65 фоизгача қарам инсонлар касалликка ирсий мойил бўлади. Аммо шуни ҳам инобатга олиш керакки, бундай геннинг борлиги ичкиликбоз инсонларнинг фарзандлари ёки невараларида қарамлик, албатта, намоён бўлади, дегани эмас. Эгизакларда ўтказилган тадқиқотларга кўра, қарамликка мойил ота-онанинг фарзандлари ижобий ижтимоий шароитларда улғайгани учун ташқи омиллар касалликнинг намоён бўлиш хавфини анча даража пасайтирган.

 

Ичкиликка қарамликни даволаш усуллари ўзгардими?

Ҳа, замонавий наркологияда спиртли ичкиликка тобеликни даволаш амалиётида урғу дорилардан кўра, кўпроқ руҳий-ижтимоий ёрдам усулларига  қаратилмоқда. Қарам инсон ўз психологияси ва касаллигини яхшироқ тушунишга ўтади. Нафсини назорат қилишни ва психологик фаоллаштирувчи моддаларни истеъмол қилмасдан ҳаётдан баҳра олишни ўрганади.

 

Қарам инсонларнинг шифокорлар иштирокисиз ўзига ўзи ёрдам кўрсатувчи гуруҳлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб боряпти. Уларда одамлар қарамликни енгиш усуллари, ҳушёрликка интилишни қўллаб-қувватлашга бўйича ўз шахсий тажрибаси билан ўртоқлашади. Ичкиликсиз яшашга ўрганиш учун жамиятлар тузишади. Бундай гуруҳлар «Хуфёна ичкиликбозлар» ва СМАРТ Рекавери дея номланади. Бундай нодавлат нотижорат ташкилот қарам инсонларга ёрдам беради. Бу гуруҳларнинг учрашуви онлайн юз беради. Тошкент шаҳридаги «Хуфёна ичкиликбозлар» гуруҳи ҳафтада бир неча маротаба католик черковида учрашиб туради. Бухородаги СМАРТ Рекавери гуруҳи вилоят наркология диспансерида фаолият юритади. Худди шундай гуруҳ Тошкентдаги Республика наркология илмий-амалий марказида ҳам иш бошлаш арафасида.

Нейромодуляция каби қўшимча даволаш усуллари оммалашиб бормоқда. Бу усулда миядаги ҳузур қилиш марказига магнит ёки электр импульслар ёрдамида таъсир ўтказилади.

Яқин инсонлар ва қариндошлар нима қилиши керак?

Қариндошлар қарамлик ҳақида кўпроқ билиши лозим. Билимсизлик ва касаллик ҳақидаги хато тасаввурлар туфайли қариндошлар беморга ҳам, ўзига ҳам зарар етказади. Қарамлик – бу инсоннинг инжиқлиги эмас, балки кучайиб борувчи касалликдир. Турли моддалардан тўлиқ ва узоқ муддатга воз кечиш учун бир неча босқичли даволаш муолажалари керак. Ҳар бир рецидив ва даволаш курсидан кейин инсон янада тажрибалироқ бўлиши, ҳаётини издан чиқарган хатоларини англаб бориши муҳим. Бу хатоси учун уни уришиш нафақат фойдасиз, балки зарарли. Яхшиси, даволашни қайта бошлаш ва ҳолатни тезроқ тиклашга ёрдам бериш керак. Қариндошлар қарамликка шериклик тузоғидан эҳтиёт бўлиши лозим. Зарур бўлганда нафақат тобе яқини, балки ўзига ҳам психологик ёрдам олишга андиша қилмаслиги керак.

 

Врезка: Қарамлик – бу инсоннинг инжиқлиги эмас, балки кучайиб борувчи касаллик

 

     Ичкиликбоз, гиёҳванд одамларни ибодатга жалб этиш наф берадими?

Инсондаги диний қарашлар қарамликнинг ҳар қандай турига қарши кучли ҳимоя воситасидир. Аммо касаллик ривожлангандан кейин ҳар кунлик ибодат ҳаммага ҳам ижобий таъсир қилавермайди. Агар касаллик ривожи ва кечишида инсонда диний бўшлиқ катта роль ўйнаган бўлса, унинг учун ибодат ва диний амалиётлар фойда бериши мумкин. Аммо ибодат даволашнинг ҳаммабоп фойдали усули ҳисобланмайди.

 

Врезка: Ибодат даволашнинг ҳаммабоп фойдали усули ҳисобланмайди

Матн: Фарангиз Алиева +998 91 4080945

 

0
    0
    Ваша корзина | Sizning savatingiz
    Ваша корзина пуста | Savatingiz bo'shВернуться к покупке | Sotib olishga qaytish