Жасур Ризаев.
Veni, vidi, vici…

0

90 йиллик тарих. Фахрланиш учун сабаблар бисёр. Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори Жасур Ризаев олий таълим муассасаси ҳақида сўзлайди.

Жасур Ризаев, стоматолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор, соғлиқни сақлаш аълочиси, Америка стоматологлари уюшмаси, Европа кариесология уюшмаси, МДҲ стоматология уюшмаси аъзоси, «Oral medicine and craniofacial research», «Biomedicine and Practice. Биология ва тиббиёт муаммолари», «Шифокор ахборотномаси» журналлари бош муҳаррири. 32 ёшида номзодлик, 41 ёшида докторлик диссертацияларини ёқлаган. 2020 йилнинг февраль ойидан буён Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори.

Тошкент – Самарқанд

Тошкент стоматология институтидан Самарқанд давлат тиббиёт институтига ишга ўтказилдим. Ўшанда, тўғриси, дўстларим ва ҳамкасбларим ачингандай бўлди. Тошкентда ҳамма иш йўлга қўйилган, ОТМ имижи яратилган, дейишди.

Бу ерда эса ҳаммаси нотаниш эди. Шифокорлардан саноқлиларини фақат илмий мақолаларию анжуманлар орқали танирдим. Уч ой деганда, янги шароитга мослашдим. Мен учун муҳими, одамларнинг бу ерга бировни «ишдан ҳайдаш» ёки «жазолаш» учун келмаганимни тушуниб етиши эди.

Мен бу ерга бировни «ишдан ҳайдаш» ёки «жазолаш» учун келмаганман

Фахрланишга арзирли сабаблар

Пойтахтда стоматология институтини жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари қаторига киритишни мақсад қилгандим. Улгуролмадим. Уч йиллик раҳбарлигим даврида биз мамлакат миллий рейтингининг биринчи ўнталигига кирдик. Тиббиёт олий таълим муассасалари орасида эса уч йил кетма-кет юқори ўринни эгалладик.

СамТИга келганимдан кейин енг шимаришга тўғри келди…

Бўлғуси шифокорлар

Талабалар ҳамма жойда бир хил – мақсадга интилувчанлари ҳам, ташаббус кўрсатмайдиганлари ҳам бўлади. Олий таълим муассасамиз ҳар йили 600 дан ортиқ мутахассис чиқаради. Бир вақтнинг ўзида 7 000 га яқин талаба ўқийди. Бу йил эса кўпроқ, яъни 1 300 талаба қабул қилдик. Покистон, Ҳиндистон, Афғонистон, Буюк Британия, МДҲнинг ўзидан 400 нафар талаба таҳсил оляпти. Чет эллик талабалар –  институтга тўғридан-тўғри инвестиция дегани. Улардан тушган маблағ – тахминан бир ярим миллион доллар.

2021 йилда 1 500 нафар абитуриент қабул қилишни режалаштиряпмиз. 800 ўринли янги ўқув биноси қуриляпти. Келгунимча бошланган қурилишни давом эттиряпман. Ўз муддатида фойдаланишга топширамиз, деб умид қиламан.

Абитуриентлар СамТИни танлайди

СамТИда 7 000 талаба таҳсил олади Ҳар йили 600 нафар мутахассис чиқади Бу йил 1 300 абитуриент қабул қилинди 2021 йилда 1 500 абитуриент қилиниши режалаштирилган

Илк иш кунимдан бошлаб маркетинг билан шуғуллана бошладим. Катта тарихга эга институт, Ўзбекистондаги тиббиёт олий таълим муассасаларининг энг қадимийси. Барча йўналишлар бор: даволаш ишидан фармациягача – бу аввалги ректорларнинг хизмати.

Бу йилдан бошлаб Приволжский тадқиқот тиббиёт университети билан ҳамкорликда даволаш иши, педиатрия, стоматология факультетлари очилди. Уларда «4+2» тизими бўйича тўрт йил Ўзбекистонда, икки йил Россияда таълим олиб борилади. Энг талабгир факультет – даволаш иши. 50 ўринли квотага 52 абитуриент қабул қилганмиз.

Чуваш тиббиёт университети билан ҳамкорликда клиник психология факультети, Украинанинг етакчи Тернополь миллий тиббиёт университети билан бирга «2+1» тизимида олий ҳамширалик иши факультети ташкил этилди. Беларусь давлат тиббиёт университети билан шерикликда «1+1» тизими бўйича магистратуранинг 10 та ихтисослигини очдик.

90 йиллик тарихга эга ОТМ

СамТИда болалар ва катталар жарроҳлиги, нейрожарроҳлик бўйича кучли мактаб бор

Иккинчи жаҳон уруши даврида Павлов номидаги Ленинград тиббиёт академияси мутахассислари Самарқанд давлат тиббиёт институтига эвакуация қилинган. Улар бу ерда уч йил ишлаб, тиббий таълимга асос солган. Баъзи олимлар ҳатто Самарқандда қолган. Бу мерос билан фахрланамиз.

Касбий йўл ва ижод

Шифокор ва раҳбар бўлиш орзум эди. Амалиёт, ўқитувчилик ва раҳбарлик фаолиятининг зиддияти доимо ўзига жалб қилган. Тошкент тиббиёт академиясининг учинчи клиникасига раҳбарлик қилганман, пойтахт туманларидан бирини бошқарганман ва қўл остимда 13 та тиббиёт бирлашмаси бўлган.

ОТМ клиникасини бошқариш ўн карра қийин. Кафедрада ишлайдиган профессор, доцент, ёрдамчилар бевосита бош шифокорга бўйсунмайди. Ҳаммаси билан тил топишиш – биринчи галдаги вазифа.

Бу катта мактаб. Ажойиб йиллар. Жамоа жуда яхши эди. Беш йил ичида биз шифохонани янги босқичга олиб чиқдик. Тажриба тўпладим, раҳбар сифатида шаклландим.

Кейин ректор этиб тайинландим. Доим дарс берганман, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ишладим. Фан билан шуғулландим, номзодлик, докторлик диссертацияларини ёқладим.

2006 йилга қадар 10 йил давомида профессионал хонандалик қилдим. Одамлар ҳалигача эслашади. Лекин мен ўз йўлимни танладим: номзодлик диссертациясидан кейин ижодни тўхтатдим. Ҳозир ўзим учун куйлаб тураман. Илгари тўйларга чиқиб, пул топганман. Бу ҳақда гапиришдан уялмайман.

Оилам ҳақида

Ўтган асрнинг 50–60-йиллари бобом тиш шифокорлиги бўйича ўрта маълумотга эга бўлган. Беморларни уйда қабул қиларди. Келганлар миннатдор бўлиб кетарди. Бобом тиш шифокори бўлишимни истарди. Бу орзуни рўёбга чиқариш йўлида ота-онам менга барча шарт-шароит яратиб берди.

Мен бобомнинг орзусини рўёбга чиқардим

Бугун эса фарзандларим стоматология институтида таҳсил оляпти. Биз шу тариқа авлодлар орасидаги риштани узмай сақлаб келяпмиз.

 

0
    0
    Ваша корзина | Sizning savatingiz
    Ваша корзина пуста | Savatingiz bo'shВернуться к покупке | Sotib olishga qaytish