Икки карра қаршилик

0

Қариндошлар умидсизлиги ва беморнинг қарамлик муаммосини тан олмаслиги. Қарам инсоннинг тикланиш имкониятини аниқлаш, даволаш режасини тузиш ва икки карра қаршиликка қарши курашиш ҳақида шифокор-нарколог Сирожиддин Муҳамедов сўзлаб беради. 

Маълумот:

Сирожиддин Муҳамедов, Тошкент шаҳри мажбурий даволаш наркология шифохонаси бош шифокори 

 

Сўнгги йилларда гиёҳвандлик ва алкогол қарамликни даволаш соҳасида нималар ўзгарди?

Бугун мажбурий даволашга эҳтиёж катта. Шифохонамиз 60 ўринга мўлжалланган, лекин биз жойларни 75 тагача кўпайтиришга мажбур бўлдик. 

Бунинг натижасида баъзан ички ишлар органлари томонидан шифохонамизга юбориладиган беморларни қабул қила олмаймиз. Бу, албатта, эътирозларга сабаб бўлади. 

 

Бугун қайси гиёҳвандлик моддасига қарамлик кўпроқ кузатиляпти?

Биринчи ўринда спиртли ичимликларга қарамлик турибди. Шифокор кўрсатмаси ва тавсиясисиз дори воситаларини истеъмол қилиш кўпайган. Бу дорихона гиёҳвандлиги ва токсикомания дейилади. Қарамликнинг ушбу тури 12–14 ёш болалар ҳамда катта ёшли инсонларни қамраб олади. Биринчи босқичда қарамликнинг шаклланиши ва мавжудлигини аниқлаш қийин. Бу шифокорлардан кўра, ота-оналарга кўпроқ тегишли. Чунки улар фарзандининг ҳаёти ва машғулотларига эътибор бермайди.

Даволаш босқичлари қандай ўтказилади?

Бемор стационарга келгач, 10 кун давомида дезинтоксикация чоралари кўрилади. Тиббий препаратлар ёрдамида организмдан заҳар чиқарилади. Кейин шифокорлар ҳамроҳ касалликларни даволанади ва муолажа охирида рецидивга қарши терапия ўтказилади. Бемор шифохонада 10–12 кун ётганидан кейин психолог томонидан истеъмол оқибатида асаб тизими, мия ва руҳиятга етган зарарни аниқлаш учун психологик ташхислаш ўтказилади.

 

Сўнг шифокор-наркологлар ва психолог беморнинг тикланиш имкониятини аниқлайди. Олинган маълумотлар асосида навбатдаги терапия белгиланади, даволаш режаси тузилади. Меҳнат терапиясида барча беморлар иштирок этади.

 

Беморлар кўпинча ўзи мурожаат қиладими ёки уларни яқинлари мажбуран даволатадими?

Шифохонамиз мажбурий даволашга мўлжалланган. Бизга ихтиёрий даволаниш ва ҳаётини ўзгартиришни рад этган беморлар келтирилади. Беморларимиз ҳар хил. Кимдир турли шифохоналарда кўп марта даволанган, аммо самараси бўлмаган. Кимдир ўзини қарам деб тан олишни ва даволанишни истамайди. Уларнинг барчаси жамоат тартибини, бошқа инсонларнинг тинчлигини бузади, хавфсизлигига таҳдид қилади, доимий иши йўқ ва уни излашни хоҳламайди ёки психофаол моддалар истеъмоли учун ишини ва ҳатто оиласини йўқотган. Қариндошлари эса умидсизлика тушган. Бизга мурожаат қилишдан бошқа чораси йўқ. Баъзида қарам инсонларнинг ўзи ташаббус кўрсатиб келади. Биз уларни диспансерга юборамиз. У ерда ихтиёрий равишда даволашади.

 

Мажбурий даволаш шифохонаси билан бемор ихтиёрий даволанадиган диспансерлардаги муолажа ўзаро фарқ қиладими? 

Мамлакатимизда гиёҳвандлик ва ичкиликбозликдан азият чекадиган беморларни даволаш барча тиббий муассасаларда бир хил олиб борилади. Бизнинг стационарда беморлар суд қарорига қадар сақланади. 18 ёшдан 55–60 ёшгача эркак ҳамда аёлларни қабул қиламиз.

Терапия босқичлари ва давомийлигининг фарқи қандай?
Мажбурий даволаш давомийлиги бемор шифохонага келтирилганига беш кун бўлганда даволаш-маслаҳат комиссияси томонидан белгиланади. Муолажа давомийлиги бир ярим йилдан ошиши мумкин эмас. Биз икки карра қаршиликка учраймиз. Биринчидан, инсон мажбуран олиб келинади ва у бунга қаршилик кўрсатади. Иккинчиси, ташхиснинг ўзи ва даволанишга бўлган қаршилик. Асосий эътиборни ахборот-мотивация тадбирларига қаратамиз. Сўнг уларнинг самарасига қараб, танқидий фикрни сақлаб қолганлар ва даволанишга тайёрлар учун жамоавий ва якка тартибдаги психологик терапия ўтказамиз.

Врезка: Шифохонамизга ихтиёрий даволанишга қарши ва ҳаётини ўзгартиришни истамайдиган беморлар келтирилади

Текст  / Матн: Фарангиз Алиева

0
    0
    Ваша корзина | Sizning savatingiz
    Ваша корзина пуста | Savatingiz bo'shВернуться к покупке | Sotib olishga qaytish