ДНК тести: шахсий тажриба

0

ДНК тести: шахсий тажриба

ДНК тести фақат қариндошликни аниқлаш учун керакми ёки унинг қўлланиш соҳаси анча кенгроқми?
Блогер Лола Жабборова ДНК тестидан фойдаланиб, ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Бу тест ҳақида қаердан билдингиз?

ДНК тестлари ҳали мактаб давримиздаёқ ҳақиқатга айланган эди. Ўша пайтда биз бу ҳақда асосан машҳур ток-шоулардан билардик. Шу сабабли кўп инсонлар ДНК тестини фақат оталикни белгилаш учун керак, деб ўйларди. Кейинчалик инсон миллатини аниқлаб берадиган ДНК тестлари рекламаси билан бутун дунёга донғи кетган Фейсбук пайдо бўлди. DNA Journey видеосида фақат битта миллатга тегишли эканига ишонадиган 67 нафар турли миллатга мансуб инсонларга мазкур тестдан ўтиш таклиф қилинган ва улар ўз ДНКси билан «танишаётганида»ги ҳаяжонли дақиқалар суратга олинган.

Ўшанда буларнинг бари (кейинроқ у тижорат геномикаси дея номланиши аниқ бўлди) янгилик эди ва гўёки эришиб бўлмасдек туюларди. Шунга қарамай, бу тестни ўзимда синаб кўриш истаги пайдо бўлди.

Она бўлганимда эса, қизиқиш янада кучайди.

 Ўз генимдан қайси белгиларни ўғлимга мерос қилиб берганимни билиш мен учун муҳим эди – нафақат генеалогик қизиқиш туфайли, балки соғлиқ ва ирсий касалликлар нуқтаи назаридан ҳам.

Мен ҳозир Европада яшайман. Бу ерда ДНК таҳлили маълум бир синфга мансуб инсонлар учун ўзига хос кўнгилхушликка айланди. Уни арзон деб бўлмайди, аммо ўзингни шу қадар чуқур билиш имкониятига ҳеч нарса тенглаша олмаслигини тан олиш керак.

Рости, нарх масаласи ёш оиланинг ҳамёни учун бироз қимматлик қиларди, аммо Оталар кунида тестни 35 фоизлик чегирма билан харид қилишга эришдим. Шу тариқа ичимдаги ДНК билан «танишувим» рўй берди.

У қандай ишлайди?

ДНК тести учун тўпламни дорихона ёки уйга етказиб берувчи интернет дўкондан харид қилиш мумкин. Тўпламга сўлак намунаси солинадиган махсус пробирка киради. Тўплам реагент эритмаси билан жиҳозланган бўлиб, бевосита пробиркага киритилади. Пробирка эса махсус конвертга жойлаштирилади ва почта қутисига ташланади. Тўпламдаги ноёб рақам бўйича таҳлил ҳолатини кузатиш мумкин, яъни қабул қилинди, ишлов жараёнида каби. Натижалар рақам бўйича рўйхатга олинган аккаунт (шахсий кабинет)га ўртача 6-8 ҳафтада келиб тушади. Энг қийини ҳам шу  натижаларни кутиш.

Тест ўзини оқлайдими?

Бу нимани кутишингизга боғлиқ, албатта. Маълумотлар базасидан тестларни ишлаб чиқарувчи компанияни танладим. Компания қанча кўп тест ўтказган бўлса, натижаларнинг аниқлик эҳтимоли ҳам шунча  юқори бўлади. Маълумотларнинг доимо янгиланиб туриши ҳам катта ютуқ. Қанчалик кўп одам тест топширса, шахсий кабинетда акс этувчи натижалар ҳам шунчалик аниқроқ бўлади.

Тестнинг нотўғри натижалар кўрсатиш эҳтимоли қандай?

Кўрсатмага кўра тест тўғри ўтказилса, бунинг эҳтимоли жуда кам. Намуна етишмаса, нуқсонлар ва шунга ўхшаш ҳолатларда, компания таҳлил учун янги тўпламни юборишни кафолатлайди.

ДНК тестининг инсонларга фойдаси нимада?

Барча инсонлар тахминан 99,5 фоизга ўхшаш эканини яхши биламиз. Бизни фарқловчи атиги 0,5 фоиз эса ўзига хос эканимиздан далолат беради. Ярми отамиздан, ярми эса онамиздан ўтган ўша машҳур 23 жуфт хромосома билан танишиш, энг камида завқли.

Биз шахс сифатида шаклланиб улгурмаган барча инсонларга ДНК тестини буюриш керак, деб ўзаро ҳазиллашамиз. Ўртача 200 доллар эвазига саккизинчи аждодга қадар ўз шажараси билан танишиш, уларнинг тахминий туғилган жойи ва миллатини билиш мумкин. Мен, шунингдек, тестни нацистлар ғоясининг тарафдорлари, рўйхатдан ўтиш институти ҳимоячилари ва илмга ҳамда инсонпарварлик назарияларига қарши инсонларга ҳам буюрган бўлардим.

Инсон бутун умр ўзини бир миллатга мансуб деб ҳисоблаб, ДНК тестидан кейин бошқа миллатга тегишли эканини аниқлаган ҳолатлар бўлганми?

DNA Journey видеоларидан бирида бунга яққол мисол келтирилган, немисларни ёқтирмаган ёш британиялик ўзида 5 фоиз немис генларини аниқлаганида, ҳайрон қолган эди. Москвалик бўлган бир дўстим эса, яҳудий ва немис аждодлари борлигидан мамнун бўлган. Боиси анекдотда айтилишича, «ҳар қандай одобли инсонда оз бўлса-да, яҳудий қони бўлиши керак».

Шахсан менга, ўзбек миллатига мансуб аёлга нисбатан ёш миллатимизнинг аждодлари ким бўлганини билиш жуда қизиқ эди. Чунки Ўрта Осиё ҳудудида тараққиёт шиддат билан кечгани сир эмас. Ахир, у маданиятлар кесишган жой, Буюк ипак йўли маркази бўлган.

Мени доимо юртимиз тарихи қизиқтириб келган. Мовароуннаҳрдаги 80 дан ортиқ турк ва эрон қабилаларининг вакиллари советлар қўли билан осонгина «ўзбеклар» ёки «тожиклар» деб ўзгартирилган инсонлар эканини кўп ўқиганман. Аммо, аслида, биз киммиз? Бу саволга аниқроқ жавоб топиш учун, иложи борича кўпроқ одамлар мазкур тестни топшириши керак. Чунки маълумотлар қанча кўп бўлса, маданиятлар қоришмаси қандай рўй берганини аниқроқ белгилай оламиз.

ДНК тести у ёки бу касалликка мойилликни аниқлай оладими?

Комплекс  ДНК тести соғлиқ ҳолатини баҳолашда, у ёки бу касалликка бўлган мойилликни белгилашда, парҳезнинг ўзига хос томонларини аниқлашда ёрдам беради. Тест натижасидан ўрин олган ҳисоботда юзлаб ирсий ва кўп омилли касалликларга мойиллик ҳақида маълумотга эга бўлиш, болаларнинг энг кенг тарқалган 50 та ирсий касаллик билан туғилиш хавфи эҳтимолини аниқлаш мумкин.

Соғлиқ учун хавф тўғрисидаги ҳар бир ҳисоботда инсонда касаллик ривожланишининг юқори хавфи билан боғлиқ бўлган вариантлар тавсифланади, аммо инсонда касаллик ривожланишининг умумий хавфи белгиланмайди. Бу жуда муҳим дисклеймер. Яъни ДНК тести соғлиғингизнинг жорий ҳолати ҳақида маълумот бериш ёки ундан тиббий қарорлар қабул қилишда фойдаланиш учун мўлжалланмаган. Бунинг учун аниқроқ диагностика усуллари зарур.

Компаниянинг генетик лабораторияси томонидан йиғилган маълумотлар базаси асосида қандайдир тадқиқотлар ўтказиладими?

Ҳа, албатта, ўтказилади. Аммо тестдан фойдаланган ҳар бир инсон ўз маълумотларидан тадқиқот мақсадида фойдаланишга рухсат бериши ёки бермаслиги мумкин. Жорий тадқиқотлар билан сайтда танишиш имконияти бор.

 Ҳозирда бу каби хизматларни тақдим этувчи юзлаб компаниялар мавжуд, шунингдек, Россия аналоги Генотек ҳам бор. Айнан нимани билмоқчилигингиз ва маблағдан келиб чиқиб, компанияни танлаш керак.

Бу каби тадқиқотлар тиббиёт ривожига хизмат қилиши мумкинми?

Мен шахсий маълумотларга асосланган тиббиёт келажагига ишонаман, яъни даволаш, парҳез, спорт кабилар шахсий мойилликдан келиб чиқиб, аниқ танланади. Масалан, мен «тўрғай» ва «бойқуш»ларга бўлинишимиз ҳам генимизда борлигини билганимда, ҳайрон қолган эдим. Мен доимо «бойқуш» эканлигимни сезардим, аммо эрта уйғониб, ишни бошлашга ўзимни мажбурлардим, чунки «барча миллионерлар тонги соат 5 да уйғонади». Бу жараён мен учун анча мушкул эди, ростини айтаман, миллионларни ҳам келтиргани йўқ, аксинча, кун бўйи сиқилган лимондай юрганим қолди. ДНК тести мен учун энг қулай уйғониш вақти – 8:30 эканини кўрсатди. Хўш, энди бошлиқларга соат 9:00 да офисда бўлиш зарурияти организмимнинг табиатига тўғри келмаслигини қандай қилиб тушунтираман?

Шунингдек, ДНК кашф этилгунгача, кўплаб минг йилликлар давомида инсониятга маълум бўлган баъзи фактларнинг илмий тасдиғидан воқиф бўлишим ҳайратли эди. Масалан, агар бугун яшаётган ҳар бир одам она томондан шажарасини кўплаб минг йилликларга ортга қайтара олганида, бизнинг барча келиб чиқиш чизиқларимиз 150 000–200 000 йил илгари шарқий Африкада яшаган ягона аёлга бориб тақалишини билиб олган бўларди. Гарчи у ўша даврда яшаган мингта аёлнинг бири бўлса-да, бизгача унинг гаплогуруҳининг фақат турфа хил шохлари етиб келган. Ва айнан шу аёлдан сизу бизнинг она томондан шажарамиз тарихи бошланади.

 

0
    0
    Ваша корзина | Sizning savatingiz
    Ваша корзина пуста | Savatingiz bo'shВернуться к покупке | Sotib olishga qaytish